Конституциявий конун лойиҳаси халқимиз таклифлари асосида маромига етказилмоқда

12.08.2022 15:08:19

2022 йил 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов ахборот берди.

Таъкидланганидек, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсади ҳисобланади. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар замирида ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Зеро, Ўзбекистон Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда халқ манфаатларидан келиб чиқиб иш тутмоқда.

Жорий йил 1 августга қадар умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган. Зеро, Асосий қонунимизнинг ҳар бир моддаси фуқаролар учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши лозим.

Шу боис, қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий комиссия ҳамда масъул қўмиталар томонидан Бош қомусимизни янада такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, вазирлик, идора ва ташкилотларда, республика бўйича барча туман ва шаҳарларда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида 20 мингга яқин муҳокама тадбирлари ташкил этилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, қўйингки, ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар орасида давлатнинг ишсизликни тугатиши, солиққа тортишнинг мутаносиб ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши, давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиши, меҳнат ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши, аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилишини белгилаш ва бошқа шу каби таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу ўз навбатида, қонун лойиҳаси халқимиз таклифлари асосида маромига етказилиб, Асосий қонунимизни том маънода, халқ Конституциясига айланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, қонун лойиҳаси қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокамалардан ўтказилди.

Шунинг баробарида, умумхалқ муҳокамаси давомида мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирокида қарийб 40 маротаба масъул қўмиталарнинг мажлислари ўтказилди. Таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг берган таклифи бевосита ўзининг иштирокида муҳокама этилди. Узоқ ҳудудларда жойлашган таклиф эгалари билан масофадан туриб онлайн ишлар олиб борилди. Бу эса Ўзбекистон халқига умумхалқ муҳокамасида иштирок этиб, конституциявий ислоҳотлар бўйича ўз фикрларини билдириш имконини берди.

Шу билан бирга, хориждаги сиёсий доиралар ва етакчи экспертларга Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Япония, Корея, Ҳиндистон, Саудия Арабистони каби давлатларда конференция, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбирларда иштирок этган экспертлар мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўз таклифларини билдирди ва бу борадаги Ўзбекистоннинг тутган йўлини қўллаб-қувватлади.

Ҳозирги кунда ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари чуқур ва атрофлича экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда. Масъул қўмиталар келиб тушган таклифларни чуқур таҳлил қилиб, уларни лойиҳа матнида акс эттириш устида иш олиб боряпти.

Мажлисда халқ вакиллари Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётганини ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини билдирди.

Шу билан бир қаторда, депутатлар халқимиз орасида “снос” деган муаммо ҳали ҳам учраб турганлиги, бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш, мулк дахлсизлигини амалда тўлиқ таъминлаш мақсадида Конституциявий қонун лойиҳасига қандай янги таклифлар келиб тушганлиги ва уларни лойиҳада акс эттириш масалаларини муҳокама қилишди. Қолаверса, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш юзасидан келиб тушган таклифлар бўйича саволлар беришди.

Мажлисда қонун лойиҳасига фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида бир қатор янги нормалар киритилаётгани, лойиҳанинг матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилиши, халқ вакилларининг фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши қайд этилди.

Шунингдек, масъул қўмиталар олдига умумхалқ муҳокамаси ҳамда фракциялар йиғилишларида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳар томонлама эътиборга олган ҳолда, таниқли олимлар, етакчи экспертларни жалб қилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш борасидаги ишларни якунига етказиш вазифаси қўйилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бундан буён келиб тушадиган таклиф ва мулоҳазаларни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кўриб чиқишни таъминлаш, мазкур жараённи очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этиш чораларини кўриш, маромига етказилган Конституциявий қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш лозимлиги таъкидланди.

Қизғин ўтган мажлисда Ж.Шириновнинг Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари, уни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+