Мактабгача таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар самараси

22.08.2021 22:08:17

Болаларда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади.

Шу боис ҳам кейинги йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар (Наманган, Жиззах, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида) самарадорлиги таҳлил қилинганда, қуйидаги натижаларни алоҳида қайд этиш лозим.

Жумладан, 3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича энг самарали натижаларга Жиззах вилоятида (15 фоизга ўсиш) эришилди. 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими билан қамраб олиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилинаётган ҳудудлар орасидан Самарқанд вилоятида муваффақиятли амалга оширилди. Нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш борасида Тошкент вилоятида энг муваффақиятли натижаларга эришилди, яъни сўнгги 5 йил давомида 167 та янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.

«Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси»нинг қабул қилиниши соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқий асосни яратди. Мактабгача таълимни ривожлантиришда ҳудудлар, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатнинг соҳага давлат-хусусий шериклик асосида хусусий капитални жалб этишни рағбатлантириш сиёсати ҳам имкониятларни кенгайтирмоқда.

Мактабгача таълимга талаб ортмоқда

3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш нафақат янги муассасаларни қуриш ва эскиларини таъмирлаш ҳисобига (қўшимча бола ўринларини жорий этиш), балки ота-оналар орасида мактабгача таълимнинг аҳамияти ҳақида фаол тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб бориш, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисобига ҳам эришилди. Бунинг натижасида 2015 йилда юртимизда мактабгача таълим муассасаларида тўла фойдаланилмай қолган ўринлар мавжуд бўлган бўлса (жами республика МТМларидаги бола ўринлари 713060 бўлиб, уларга қатновчи болалар сони 620769 нафар), 2020 йилга келиб мактабгача таълим хизматига бўлган талаб сони мавжуд ўринлар сонидан ошди (мос равишда жами 1155731 ўринга 1196421 нафар).

Оилавий МТМ муҳим омил сифатида

Оилавий мактабгача таълим муассасалари сонининг ошиши республиканинг чекка ҳудудлари ҳамда кам таъминланган оилалардаги болаларни ҳам таълимнинг ушбу босқичига жалб қилишини таъминлади. Бу ўз навбатида, вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги номутаносиблик даражасини камайтиришга салмоқли ҳисса қўшди.

Бешта ҳудуддан (Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятлари) оилавий МТМларнинг 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамровини оширишга қўшган ҳиссаси Жиззах вилоятида (15 фоиз) энг кўп бўлса, энг кам улуш Тошкент вилоятида (4,3 фоиз) кузатилган. Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилоятида қамров даражаси 5 йил аввал ҳам ўртача республика кўрсаткичидан юқори бўлган.

2015 йилда Қашқадарё вилоятида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш нафақат танланган ҳудудлар орасида, балки бутун республика бўйича энг паст (9,9 фоиз) даражада эди. 2020 йилга келиб Қашқадарё вилоятида ушбу кўрсаткич – 3,4, Жиззахда – 4, Наманганда – 3, Самарқандда – 3,1 ва Тошкент вилоятларида – 1,6 баробар ошди. Республиканинг 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган жами болаларнинг 43,9 фоизи ушбу ҳудудларда яшайди.

Мобиль (кўчма) боғчаларни жорий қилиш

Мақсадли параметрларга эришиш учун мактабгача таълимнинг анъанавий шаклларини ривожлантириш билан бир қаторда, қисқа муддатли, мобиль мактабгача таълим гуруҳлари ва бошқа шу каби унинг муқобил шаклларини кенг ривожлантириш ҳам кўзда тутилган.

Мактабгача таълим вазирлиги маълумотларига кўра, янги мобиль “Ақлвой” гуруҳлари 2021 йилнинг январь ойида фаолият юрита бошлаган.

Ушбу гуруҳлар болаларни мактабгача таълим билан энг кам қамраб олинган, болалар боғчалари мавжуд бўлмаган чекка ҳудудларда очилиши ҳамда болаларнинг уларга қатнаши текин бўлиши кўзда тутилган. Мобиль гуруҳларнинг тарбиячилари қўшимча малака ошириш курслари жумладан, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам ўқитилади.

Мактабга тайёргарлик

Хорижий олимлар томонидан инсон капиталига киритилган инвестициянинг келажакда энг кўп наф келтирадигани шахс шаклланишининг дастлабки, яъни мактабгача таълим босқичида қилинган инвестициялар экани исботлаган.

Қайд этиш жоизки, ижтимоий-иқтисодий ҳолати пастроқ бўлган оила фарзандларига мактабгача таълим ёшида қилинган инвестициялар, ўзига тўқ оила фарзандларига киритилган инвестицияларга нисбатан кўпроқ фойда келтиради. Сабаби мактабгача таълим боланинг нафақат ижтимоийлашишига кўмаклашади, балки шахснинг интеллектуал қобилиятини ривожлантиришга асос яратади ва мактабга тайёрлайди. Айнан шу боис мактабгача таълим тизимини ривожлантириш Концепциясида 6 ёшли болаларни 2021 йил якунига келиб, мактабга тайёрлаш тизими билан тўлиқ қамраб олиш мақсадли парамерт қилиб белгиланган.

2015 йилдан 2020 йилгача таҳлил қилинаётган ҳудудлардан 6 ёшли болаларни мактабга тайёргарлик тизими билан қамраб олиш бўйича Жиззах (қамров 67 фоиз), Самарқанд (61,4 фоиз) ва Наманган (44,6 фоиз) вилоятларида энг яхши натижаларга эришилган. Қашқадарё (22 фоиз) ва Тошкент (15,9 фоиз) вилоятларида болаларнинг 78 фоиз ва 84 фоиз мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олинмаган.

Дилфўза Ваҳабова,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+