Маркетинг - инсон эҳтиёжларини қондириш тамойили

17.03.2022 10:03:39

Бугунги кунда бизнес ҳаётнинг энг муҳим омилидир. Чунки ҳар қандай соҳага ислоҳотларнинг татбиқ этилиши турмушимизнинг яхшиланишига, жамиятнинг ривож­ланишига ва бошқа омилларнинг ўсишига хизмат қилади. Қолаверса, ушбу ислоҳотларнинг жамиятга кириб келиши ва жорий қилиниши инсоннинг фаровон турмуш кечиришига қаратилмоқда. Ҳамма замонларда ҳам инсон эҳтиёжлари доимо чексиз бўлган. Эҳтиёжларнинг қондирилишида эса, албатта, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инновация­лар, умуман олганда, бизнес вакилларининг ўрни беқиёс.

Бизнес вакиллари фуқароларнинг талаб ва истакларини қондириш учун янги маҳсулотларни яратиши ва ишлаб чиқариши, қолаверса, истеъмолчиларга етказиб бериши лозим. Бундай жараёнларда товар ва хизматларнинг сифати, ишлаб чиқаришнинг стандартларга мослиги, товарларни етказишда воситачиларни тўғри танлаш бизнес вакилларининг олдида тутган асосий вазифа ҳисоб­ланади. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Ушбу саволга жавоб топиш бизнес вакиллари учун доимо муаммо бўлиб келган. Албатта, инсонларнинг эҳтиёжларини маркетинг соҳаси ўрганади ва таҳлил қилади. Маркетингнинг асосий тамойили ҳам одамларнинг қондирилмаган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга қаратилган ҳаракатлар йиғиндисидир.

Маркетинг ҳақида гап кетганида битта савол туғилади: маркетинг бу нима? Янги маҳсулот яратишми ёхуд янги маҳсулот яратишни асослашми? Бунинг жавобини топиш учун бизнес вакиллари доимо изланишлар олиб бориши, қолаверса, истеъмолчилар эҳтиёжини ўрганиши, уларга қандай турдаги ва сифатдаги товарлар ва хизматлар кераклиги тўғрисида ўйлашлари лозим. Бизнес вакилларининг ушбу саволга жавоб топишида ўзига хос йўл бор. 

Яъни, корхона ўзининг янги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда хом ашё (таъминот жараёни) базасини топиши ва хом ашёни ҳарид қилиши ҳамда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариши керак. Сўнг тайёр маҳсулотларни воситачилар орқали истеъмолчиларга йўналтиради. Истеъмолчилар ушбу маҳсулотларни рад етиши мумкин. Бунда корхона рек­лама ва сотишни рағбатлантириш тадбирларини намойиш қилади. Лекин бу ҳам етарли самара бермайди. Шу сабабли корхона ўз маҳсулотларининг қандай қисмлари, қайси функциялари ва қандай ишлаш жараёнини аниқлаш учун истеъмолчиларни ўрганишни бошлайди, яъни маркетинг тадқиқотларини олиб боради. Маркетинг тадқиқотлари натижасида олинган маълумотлардан хулоса қилиниб, янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ғояси шакллантирилади ва маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёни амалга оширилади. Бу эса маркетинг фаолияти янги маҳсулотни яратишни асослаш билан ифодаланади. Чунки маркетинг фаолиятисиз корхона маҳсулотларига харидорни топиши бирмунча қийин кечади. 

Шунинг учун бугунги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар ёки бизнес вакиллари маркетингни ўрганиши, бу билан эса истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини ўрганиши ва уларнинг талабларига мос товарлар ва хизматларни яратиши ҳамда уларни етказиб бериши керак. Бу ҳаёт талаби ҳисобланади.

Санжарбек Бойжигитов, 

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти

“Маркетинг” кафедраси ассистенти

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+