Меҳр-саховат улашилди

04.07.2022 12:07:58

Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун «Меҳр саховат уйи»нинг таъмирдан чиққан ҳолати билан танишиш тадбири, шунингдек Тошкент шаҳар ИИББ тасарруфидаги Махсус қабулхонанинг янги биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис вакили Омбудсманнинг ҳудудий вакили, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари ҳам иштирок этишди. Тадбирни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов кириш сўзи билан очиб берди.

Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан биридир. Бугун мамлакатимизда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ва оилалар тўлиқ қамраб олиниб уларга беминнат ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳар бир шахс, ҳар бир фуқаронинг бахтли яшаши таъминланмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан ўз навбатида тақдир тақозоси билан кўчада қолган инсонлар ҳам бебаҳра қолмадилар. Хусусан, 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг топшириқ ҳамда кўрсатмаларига биноан Тошкент шаҳрида Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази жорий этилган эди. Бу борадаги низомга ўзгартиришлар киритилиб марказга «Меҳр-саховат уйи» номи берилди. Бу ерга жойлаштирилган шахслар ўз ихтиёрига кўра саховат уйининг ўзида доимий яшаб қолиши имконияти яратилди. Уларнинг турли сабабларга кўра йўқолган ёки муддати ўтган ҳужжатлари қайта тикланишига, янгисига алмаштирилишига ёрдам бериб келинмоқда. Бу ўз навбатида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилади. Оиласидан ажралган, жамиятдан узоқлашиб қолган шахсларга бу ер эндиликда янги оила, янги уй ва янги манзил бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Марказда улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Тўлиқ реконструкция қилинган аёллар ва эркаклар яшаш хонаси шинам ва қулай ётоқлар билан жиҳозланган. Қишда иссиқ ёзда салқин бўлиши таъминланган. Алоҳида ювиниш хоналари қуриб берилди. Ёзги ва қишки ошхона бунёд этилиб, янги ошхона жиҳозлари билан таъминланди. Бу ерда яшовчи фуқаролар ҳар мавсум янги кийим-кечак ва шахсий гигиена воситалари билан таъминланмоқдалар. Бу ердагиларнинг ҳам жисмоний ҳам руҳий саломатлиги Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда шифокорларнинг доимий эътиборида.

Шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона ҳудудида жаҳон стандартлари асосида бунёд этилган уч қаватли янги бино фойдаланишга топширилди. Хоналар шинам, ёруғ, керакли мебель жиҳозлари билан таъминланган, маъмурий қамоқ жазосини ўтаётганлар учун қулай шароитлар яратилган. Адвокатлар хонаси, учрашув хонаси алоҳида жойлашган. Атроф ландшафт-дизайни билан кўкаламзорлаштирилди. Маъмурий қамоқда сақланаётганлар учун спорт майдончаси қуриб берилди.

Эски бинони кўрганингизда дастлабки таассурот кўнгилни бироз хира қиларди, сабаби, эски бино 1968 йилда қурилган, йўлак ва хоналар тор эди, санитар-гигиена шароити яхшилашга ҳар қанча ҳаракат қилинсада талабга жавоб бермас эди.

Луиза ХИКМАТОВА,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+