ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ: ФУНКЦИЯЛАРИ, ЯРАТИЛИШ ТАРИХИ ВА МОҲИЯТИ

25.11.2021 16:11:27

 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун 

Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир

Шавкат Мирзиёев

Конституция тушунчаси, муҳим жиҳатлари ва функциялари.

Конституция лотинча “constitutio”  сўзидан олинган бўлиб, «тузилиш», «ўрнатиш» деган маъноларни билдиради. Конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга бўлган ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади; давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади; жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари ва эркинликлари мустаҳкамланади.

Конституция ўз моҳияти ва юридик табиатига кўра бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қуйидаги муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради:                              а) конституция махсус субъект томонидан ёки унинг номидан чиқарилади;                    б) конституциявий қоидалар таъсис этувчи, йўналтирувчи, бирламчи аҳамиятга эга; в) конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кенг қамровлилиги билан тавсифланади, яъни у ниҳоятда муҳим ва кенг кўламдаги ижтимоий муносабатлар доирасига таъсир кўрсатади;                                    г) конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга, яъни бошқа қонунлардан устунликка, олий юридик кучга, ўзига хос муҳофаза шаклига, махсус тарзда қабул қилиниш ва ўзгартирилиш тартибига эга. 

Конституциянинг функциялари.

Конституция ўз мазмуни ва ижтимоий вазифасига кўра давлатнинг моҳиятини таърифловчи, унинг ташкилий тузилишини ифодаловчи, давлат сиёсатининг асосларини белгиловчи ҳужжат сифатида гавдаланади.  Конституция ўз ижтимоий вазифасини бажара бориб, бир қатор ўзаро муштарак бўлган функцияларни адо этади.

Конституциянинг энг муҳим функцияларидан бири давлатчилик ривожланишидаги ворисликни таъмин этишдир.

Сиёсий функция. Конституция жамият сиёсий тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди; сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти билан муносабатларини мувофиқлаштиради; сайловлар ва референдум каби бевосита демократия институтларини мустаҳкамлаш орқали жамиятда сиёсий барқарорликни, фуқаролараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва тинчликни таъминлайди; давлат юритадиган ички ва ташқи сиёсатнинг асослари ва барча муҳим йўналишларини акс эттиради.

Юридик функция. Конституция юридик мазмун ва моҳиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни сифатида бутун ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, жамият ва давлат ҳаётининг, давлат органлари ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу сабабли жамиятдаги барча ҳуқуқий ҳаёт ва юридик амалиёт, шу жумладан одил судлов амалиёти конституциявий қоидалар асосида шаклланади.

Тарбиявий-мафкуравий функция. Конституция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Конституцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттиради ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши.

Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш ғояси 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Мазкур Декларацияни қабул қилган Олий Кенгашнинг иккинчи сессияси ушбу ҳужжатдаги принциплар асосида давлатнинг янги конституцияси ишлаб чиқилиши лозим, деган хулосага келди. Сессия Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг таркибига депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, корхоналар ва хўжалик-ларнинг раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар кирди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги эътирофини келтириш ўринлидир, –“Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош Қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда”.

Олий Кенгашнинг X сессиясида комиссия таркиби қисман янгиланди. 1991 йил   12 апрелда мазкур комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, унда комиссия аъзолари ҳамда етакчи мутахассислар ва олимлардан иборат 32 кишилик ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шунингдек, Конституция лойиҳасининг мўлжалланаётган бўлимларини тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳ тузилди. Бу кичик гуруҳлар Конституциянинг қуйидаги бўлимлари бўйича иш олиб борди: 1) Конституциянинг муқаддимаси; 2) Ўзбекистон конституциявий тузумининг асослари бўлими; 3) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлар ва мажбуриятлари бўлими; 4) фуқаролик жамияти бўлими;                     5) давлат тузилиши бўлими; 6) давлат ҳокимияти тизими ва якуний қоидалар. Ушбу гуруҳлар таркибига 50 нафар илмий ходимлар ва мутахассислар жалб қилинди.

Конституциявий комиссия раисининг топшириғига мувофиқ учта муқобил концепция яратилди: 1) республика Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг концепцияси, 2) Сиёсатшунослик ва бошқарув институтининг концепцияси, 3) Президент девони юридик бўлими тайёрлаган концепция. Ишчи гуруҳ мажлисида учинчи концепция асос учун қабул қилинди ва қолган икки концепциянинг диққатга сазовор ғоялари билан бойитилиб, умумлашган пухта ягона ғоявий асос шаклига келтирилди. Конституциявий комиссия ва унинг раиси томонидан маъқулланган ана шу концепция асосида бўлажак Конституция лойиҳасини яратишга киришилди. 

1991 йил ноябрь ойида лойиҳанинг 158 моддадан иборат дастлабки варианти тайёрланди, 1992 йил йил баҳорда 149 моддадан иборат иккинчи вариант тайёр бўлди ва Конституциявий комиссия раиси матнни сичиклаб кўриб чиқди. Ҳар сафар унинг нигоҳидан ўтгач, лойиҳа мукаммаллашиб, аниқ, лўнда ва ифодали бўла борди. Учинчи вариант 137та моддани ўз ичига олди. Лойиҳани кенг халқ оммаси муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишдан аввал Конституциявий комиссия ва унинг раиси ҳужжатни яна бир бор ўрганиб чиқди ва лойиҳа 127 моддага келтирилди.

1992 йил 5 сентябрда Конституциявий комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди ва Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишга қарор қилинди. 1992 йил 26 сентябрда лойиҳа матбуотда эълон қилинди. Тушган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилган лойиҳа 1992 йил 21 ноябрда иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди. Умумхалқ муҳокамасида 6 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Уларга асосан лойиҳанинг 60 та моддасига тузатиш ва аниқликлар киритилди, дастлабки вариантдан 4 та модда чиқарилиб, матнга бир қанча янги моддалар киритилди.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг                                                12-чақириқ 11-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинди.  У олий даражадаги қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлади. Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра янги ҳужжатдир, унда коммунистик мафкура, синфийлик, партиявийликдан асар ҳам йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий хусусиятлари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий табиати унинг қуйидаги асосий хусусиятларида яққол номоён бўлади: 1) Ўзбекистон Конституцияси  – том маънода чинакам демократик конституция. У тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Бундан ташқари, у энг ривожланган, тараққий  топган давлатларнинг конституциявий тажрибасига ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий, миллий ва маънавий қадриятларига таянган ҳолда яратилган; 2) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган; 3) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамият барпо этишнинг чинакам ҳуқуқий пойдевори бўлиб, унда ҳуқуқий давлатнинг асосий белгилари, жумладан конституция ва қонун устунлиги, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкамланган; 4) Конституция бозор иқтисодиётига ўтишга, хусусий мулкчилик муносабатларини қарор топтиришга хизмат қилади; 5) Конституцияда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм институтлари мустаҳкамланган. Ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч бир сиёсий папртиянинг яккаҳоким бўлишига, ҳеч қайси партиянинг мафкураси давлат мафкураси даражасига кўтарилишига йўл қўйилмайди, Сиёсий партиялар парламент демократияси қоидаларига ва талабларига риоя этган ҳолда Конституция ва қонунлар асосида фаолият юритадилар;                                      6) Конституция давлатнинг динга нисбатан одилона демократик муносабатини белгилаб берди. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланди, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилганлиги ҳамда қонун олдида тенглиги, давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмаслиги қайд қилинди; 7) Конституция ҳокимиятлар тақсимланиш принципини мустаҳкамлади. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади; 8) Асосий қонунда конституциявий институтлар – президентлик институти ва шу заминда қарор топтирилган давлат бошқарувининг республика шакли, вилоят, туман, шаҳарларда ҳокимлик институти жорий этилди; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизими шаклланишига конституциявий-ҳуқуқий замин яратилди ва ҳоказо;                              9)  Конституцияда Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги эътироф этилди; 10) Конституция Ўзбекистон таркибида суверен давлат – Қорақалпоғистон Республикаси мавжудлиги ва унинг конституциявий-ҳуқуқий мақомини,  Қорақалпоғистон Республика-сининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилишини, Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари улар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинишини белгилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида қайд қилинган сифат ва хусусиятлари унинг беназир нуфузи, салмоғи ва қадр-қимматидан далолат беради, у мустақилликнинг қонуний пойдевори ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, – “Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур”.

Шунинг учун ҳам Конституциянинг беқиёс қадр-қиммати ва нуфузи, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти йиллар ўтгани сайин тобора ортиб бормоқда.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

        Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

  ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+