Ўзбекистон Республикаси ва Турманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ривожланмоқда

04.10.2021 14:10:36

Ўзбек ва туркман халқлари азал-азалдан энг ишончли дўст, яқин қўшни ва стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар асосида яшаб келган. Ўзбекистонда туркманлар ва Туркманистонда ўзбеклар ҳамиша эъзозланиб, қадрланиб келинган. Шу сабабли, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалган ҳолда ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик хамкорликнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор тарихий ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида 1996 йил 16 январдаги Шартнома; Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида 2004 йил 19 ноябрдаги Шартнома; Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида 2007 йил 18 октябрдаги Шартнома шулар жумласидан.

Тан олиб айтиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳаси замон талаблари асосида янада ривожланиб, амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Бу борада, айниқса, Ўзбекистоннинг энг яқин стратегик ҳамкорларидан бири бўлмиш Туркманистон Республикаси билан амалга оширилаётган ва тобора янги босқичга кўтарилаётган ўзаро дўстлик алоқалари ҳақида сўз юритиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида 206 мингдан зиёд туркманлар ҳам жонажон юртимиз тараққиёти йўлида яшаб, меҳнат қилиб, ижод қилиб келишмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда туркманларнинг миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш мақсадида Республика туркман маданий маркази фаолияти учун барча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон билан ўзаро дўстона ва стратегик ҳамкорлиги аввалги йиллардагига нисбатан қуйидаги уч муҳим жиҳати билан ажралиб туради:

биринчи, ҳамкорлик бугунги кун заруриятидан келиб чиққан ҳолда аниқ тармоқ, соҳа ва йўналишлар кесимида амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2017-2021 йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтирилди;

иккинчи, стратегик шериклик муносабатлари шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, ўзаро мажбуриятларни таъминлаш борасидаги юксак масъулиятни англаш ва самарали бажариш учун туртки бўлмоқда;

учинчи, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим стратегик масалалар юзасидан ягона ва тўғри бўлган қарашларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш, Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратиш, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома доирасида ҳамкорлик каби масалалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари ўртасидаги ҳамкорликнинг қуйидаги муҳим жиҳатлари ва йўналишларига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим:

Биринчидан, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2017 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида”ги ЎРҚ-433-сон Қонуни қабул қилинди.

Мазкур стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома аввалгиларининг мантиқий давоми сифатида:

ўзбек-туркман ҳамкорлигининг замонавий шароитларга мутаносиб равишда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилиши;

долзарб халқаро муаммолар юзасидан мунтазам фикрлар алмашиш, позицияларни ўзаро келишиш асносида стратегик шерикликнинг мустаҳкамланиши;

ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши;

икки давлат тадбиркорлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг изчиллик билан ривожлантирилиши;

ўзаро товар айланмаси, маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмининг кўпайтирилиши;

трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликка янги таҳдид ва хуружларларга қарши биргаликда курашиш учун муҳим ҳуқуқий асосларни белгилаб берганлиги билан аҳмиятга эга.

Иккинчидан, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ва музокараларида кўтарилган муҳим масалалар ўзбек ва туркман халқларининг ҳаётида ҳақиқатдан ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон парламентлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.

2020 йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи томонидан фаол амалий ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Тўртинчидан, сўнгги йилларда савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланди.

Шу асосда икки томонлама имтиёзлар ва савдо соҳасида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиблар жорий этилди. Айтиш керакки, Туркманистон эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган 10 та давлат сирасига киради.

Бешинчидан, икки буюк халқ ўртасидаги қадимий тарих ва маданиятга эътибор мутлақо ўзгарди.

Бир маконда муштарак мақсадлар асосида яшаб келган Ўзбек-Туркман халқларининг ўзаро уйғунликдаги этнографик маданиятини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги “Хоразм вилоятидаги “Ўзбек-Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 815-сонли Қарори асосида Урганч тумани Ғойбу қишлоғи “Туркманлар” маҳалласи ҳудудидаги “Ўзбек — Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуасида жойлашган бино ва иншоотларни сақлаш ва келажак авлодга етказиш бўйича кўплаб саъй ҳаракатлар амалга оширилди.

Олтинчидан, Туркманистон билан яқин қўшничилик ва оқилона ташқи сиёсатни амалга ошириш масаласи йиллик давлат дастурлари ва стратегик режаларда алоҳида назарда тутилмоқда.

Жумладан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг:

97-бандига асосан “мамлакатимиз транспорт-логистика тармоғини ривожлантириш ва халқаро коридорларга интеграциялаш мақсадида Туркманистон билан юк ташувларини ташкил этган ҳолда республиканинг транзит салоҳиятини ошириш” ҳамда “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Уммон” йўналишидаги транспорт йўлакларини ривожлантиришга эришиш;

272-бандида мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон билан олий ва юқори даражада ўзаро ташрифларни ташкил этиш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларни биргаликда ҳал этишга эришиш кўзда тутилган.

Расмий ташриф икки давлат учун юқоридаги устувор мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш баробарида:

биринчи, жорий йилнинг 6-7 август кунлари Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувида кўтарилган икки қардош халқнинг ҳаёти ва тақдири учун муҳим бўлган устувор масалаларни яна бир бор муҳокама қилинишига;

иккинчи, асрлар мобайнида шаклланиб келган дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига;

учинчи, халқаро сиёсат майдонида юзага келаётган долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашинишига;

тўртинчи, ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги аҳиллик ва ўзаро ҳурмат туйғуларининг янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ёшлар қаноти республика Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+