Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди

30.03.2022 16:03:34

Ўзбекистон ва Туркия азалдан тарихи ва маданияти бир бўлган мамлакатлардир. Шу боис, икки мамлакат ўртасидаги сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, маданият ва таълим каби соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин кенгайиб бормоқда. Айниқса, ушбу ҳамкорлик алоқалари сўнгги беш йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бунда эса, икки мамлакат раҳбарларининг мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлари ҳамда самимий мулоқотларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.

Жумладан, ўтган қисқа вақт ичида икки давлат раҳбарларининг беш маротаба ташрифлари амалга оширилди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 ва 2020 йилларда Туркияга расмий ташриф билан борган бўлса, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 2016, 2018 йиллар ҳамда 2022 йилнинг 29 март куни Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириди.

Айни кунда ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, мамлакатларимиз парламентлари, давлат идоралари, ишбилармон доиралари ва жамоатчилиги ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган учрашувлар ва мулоқотлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг иккинчи йиғилиши ўтказилди. Ушбу Кенгаш 2020 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида ташкил этилган эди.

Тошкентда бўлиб ўтган Кенгашнинг иккинчи йиғилишида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома, меҳнат ва бандлик, суд экспертизаси ҳамда қурилиш соҳаларидаги англашув меморандумлари, соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси каби 9 та ҳужжат имзоланди.

Шунингдек, мулоқот жараёнида кейинги йилларда икки Давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошгани, қўшма корхоналар сони эса, 5 баробарга кўпайиб, 2 мингдан ортиқни ташкил этаётгани, шунингдек, инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсгани эътироф этилиб, ушбу кўрсаткичларни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, ташрифнинг биринчи кунида Туркиянинг “Cengiz Enerji” компанияси томонидан Тошкент вилоятида амалга оширилган замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталиб, ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етади.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан Туркиянинг “Анадолу” агентлиги ўртасида ҳам Ҳамкорлик битими имзоланди. Бундан кўзланган мақсад эса, икки мамлакат халқларини доимий равишда мамлакатлардаги улкан ўзгаришлар, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда бой маданий мероси билан яқиндан таништириб бориш имконини беради.

Жумладан, ташрифнинг иккинчи кунида икки мамлакат раҳбарлари самимий мулоқотни давом эттириш мақсадида Хива шаҳрига жўнаб кетганлигининг ўзида ҳам катта маъно-мазмун мужассам. Ушбу ташриф доирасида дунё цивилизацияси ва туркий халқлар маданияти ривожига бешик бўлган, дунё илм-фанига буюк мутафаккир ва олимларни етиштириб берган Хива шаҳрини зиёрат қилиш кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, икки кунлик ташриф доирасида мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ҳар бир учрашув ва мулоқтларда келгусида тарихи ва маданияти муштарак бўлган икки халқлар ўртасида дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим келишув ва натижаларга эришилмоқда.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+