Қардош эллар равнақи йўлида

10.08.2021 10:08:50

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги “Аваза” сайёҳлик зонасида  ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида иштирок этди. Унинг кун тартибига минтақада барқарор ва изчил тараққиётни таъминлаш, савдони ривожлантириш, транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошқа масалалар киритилганди. Кутилганидек, қардош ва қўшни мамлакатларнинг етакчилари анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш тарафдори эканликларини изҳор этдилар.  Президентимиз таъкидланганидек, маслаҳат учрашуви натижалари Марказий Осиёда яшаётган биродар халқларимизнинг кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса қўшишига ишончим комил.

Саммит иштирокчилари Марказий Осиё  минтақаси кейинги даврда  яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда барқарор ривожланиш маконига айланиб бораётганлигини қайд этдилар. Бунда давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.  Бу эса  минтақанинг ноёб ва улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга шарт-шароитлар яратмоқда.

Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари ўзаро ҳамдўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдиргани диққатга сазовордир. Хусусан, ҳозирги  реал воқелик  Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлашни талаб қилаётгани айтилди. Чунки узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётнинг янги драйверларини белгилаб олиш ғоят муҳимдир.

Ҳудудлараро савдо-сотиқни янада кенгайтириш зарур. Эркин савдо тартибига тўлиқ ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади. Саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали биз мустаҳкам қўшимча қиймат занжирларини яратишимиз мумкин бўлади. Бунинг учун тадбиркорларимиз ва минтақаларимиз ўртасида тўғридан-тўғри бизнес алоқалари ўрнатишни рағбатлантиришимиз ҳамда мунтазам равишда инвестицион ва иқтисодий форумлар ўтказишни йўлга қўйиш зарур.

Президентимиз муштарак стратегик манфаатларимиз йўлида биз минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш кераклигига эътибор қаратди. Яна бир диққатга сазовор йўналиш  минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласи эканлиги ҳам билдирилди. Пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммолари устида мунтазам иш олиб бориш талаб этилади. Чунки сайёрамизнинг кўп жойларида  асосий  озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши ва уларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда. Аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиб, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётган пандемияга қарши кураш йўлидаги куч-ғайратларни бирлаштириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.  Яна бир муҳим масала -  экологик муаммолар. Уларни ҳал этиш минтақадаги барча давлатларнинг диққат марказида туриши даркор.

Президентимиз томонидан олға сурилган таклифлар саммит иштирокчилари томонидан маъқуллаб кутиб олинди. Уларни амалга ошириш асносида минтақамизни янада тараққий эттириш мумкин, деб ўйлаймиз.

 

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+