Қорақалпоғистонда ЙПХ ходимига қўпол муносабатда бўлган раҳбарга “қаттиқ интизомий жазо чораси” қўлланилди

18.03.2022 10:03:53

 Раҳбар энг аввало маданиятли, қандай вазият бўлишидан қатъий назар мавжуд вазиятга одоб-ахлоқ доирасида муносабат билдирадиган, муаммо ва камчиликларни қўл остидаги ходимларга ибрат кўрсатган ҳолда босиқлик ва мулоҳазакорлик билан ҳал этиш кўникмаларини ўзида мужассам этган бўлиши лозим. Раҳбар, қўл остидаги жамоани яхши таниши, керак бўлса уларнинг ҳар бири билан ўзига хос индивидуал ёндашган холда муносабатда бўлиши даркор. Шундагина ходимлар юрагида раҳбарга нисбатан ишонч ва ҳурмат  туйғуси уйғонади. Ишдаги унум ва ривожланишнинг энг биринчи омили эса бу албатта раҳбар ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликдадир. Раҳбар нафақат иш бошқарувчи шу билан бирга устоз мақомида ҳамдир.

Афсуски кўпгина раҳбарлар раҳбарлик этикасига хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар билан қўл остидаги ходимларга ёмон ўрнак кўрсатмоқдалар. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган Қорақалпоғистонда ЙПХ ходимига қўпол муносабатда бўлиб, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган раҳбар шахс ҳам ана шундай раҳбарлик номига номуносиб шахслардан бири эканлиги маълум бўлди. 2021 йилнинг февралида содир бўлган мазкур ҳолат акс этган видеоёзув ЙПХ ходимларидан бирининг боди-камерасига қайд этилган ва яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Кейинчалик аниқланишича бу масъул Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи капитан Б.Хожанов эканлиги маълум бўлган. Капитан видеода ходимларининг боди- камераси ишлашига гумон билдирган. Аммо ушбу вазиятнинг барчаси ходимнинг боди-камерасига тушиб қолган.

Қорақалпоғистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи В.Б.га нисбатан “қаттиқ интизомий жазо чораси” қўлланилган.

Вазият бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича видеотасвирдаги ҳолат 2021 йилнинг 14 февраль куни содир бўлган.

“Адолат” СДП жамоаси мутасадди раҳбарларнинг ўз хизмат бурчига панжара ортидан қараб, фуқаро ёки ходимларга нисбатан номақбул муносабатда бўлишни кескин қоралайди. Зеро адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Зотан мана шундай айрим “қаттиққўл” раҳбарлар туфайли аҳоли ўртасида барча раҳбарлик лавозимидаги шахсларга нисбатан нотўғри қараш шаклланмоқда. Бундай салбий тушунчаларга вақтида барҳам берилмаслиги, ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилувчиларга муносиб жазо чоралари қўлланмаслиги бора-бора жуда салбий оқибатларга сабаб бўлиши, давлат ва жамият ўртасида кўринмас жарлик пайдо қилади. Бу каби муаммоли вазиятлар жамиятни ичидан емириб, давлат ривожи ва тараққиётига жиддий тўсиқлар вужудга келишига сабаб бўлади.

 “Адолат”СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+