Қуйи Чирчиқ туманида илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб очилди

30.08.2021 15:08:03

2021-2022 ўқув йили олдидан ҳомийлик маблағи ҳисобидан қурилган Республикадаги илк STEM фанларига ихтисослашган мактаб Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, туман ҳокимлиги масъуллари, мактаб ўқитувчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва мактабни тўлиқ қуриб, жиҳозлаган ҳомий тадбиркор Ғофур Рахимов томонидан рамзий маънода кўчатлар экилди.  

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда таълим даргоҳларини замонавий ўқитиш тизимига мослаштириш ва янги қиёфага келтириш учун алоҳида эътибор қаратилаяпти. Тошкент вилоятида сўнгги 3 йил давомида 268 та мактаб Инвестиция ва бошқа дастурлар асосида таъмирланди. Бунинг учун 380 миллиард сўм маблағ сарфланди. Жорий йилнинг ўзида қарийб 500 та (55 фоиз) мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлиб, жумладан, 40 та мактабда Инвестиция, 41 та мактабда “Обод қишлоқ” дастури асосида, 418 та мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш борасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Эътиборлиси, бунга саховатли тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, тадбиркор Ғ.Раҳимов маблағлари эвазига 45-умумтаълим мактабининг эски биноси ўрнида замонавий таълим маскани қад ростлади. Бу ерда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. Барча хоналар сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, STEM фанларига ихтисослаштирилди. Жумладан, 600 ўринга мўлжаллаб қурилган таълим муассасасида математика, чет тили, ахборот технология ва кимё-биология фанлари чуқурлаштирган ҳолда ўқитилади. Айни пайтда 634 нафар ўқувчига 43 нафар педагог таълим бериши режалаштирилган.  

Тадбир иштирокчилари таълим масканида яратилган шароитлар билан танишди. Ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.  

А.Мусаев, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+