Салоҳиятли кадрлар — мамлакат қудрати

24.09.2021 14:09:02

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг олдига қатъий белгилаб олган аниқ мақсади, тараққиёт принциплари ҳамда уларни амалга оширишдаги самарали саъй-ҳаракатларига эга давлат сифатида намоён бўлмоқда. Бунда мамлакат ривожланишининг асосий омилларидан бири бу барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва инсоний одоб-ахлоққа эга ходимлар келишини таъминлашдир. Чунки ҳар қандай давлат, ташкилот ёки корхона ўз келажагини, аввало, салоҳиятли кадрлар билан белгилайди. Бошқарувда кадрларнинг малакаси ва хулқ-атворига кўра тўғри танланиши ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ютуқларини, шу билан биргаликда мавқеини оширишда асосий омил ҳисобланади.

Марралар қанчалик баланд олинмасин, ислоҳотлар нечоғли истиқболли бўлмасин, ватанпарвар, сид­қидилдан меҳнат қиладиган, юксак ахлоқли, фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириш имконсиз.

Қадимда ҳам ота-боболаримиз томонидан бошқарув соҳасига ўз халқи учун жон куйдирадиган, малакали кадр­лар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Алишер Навоий ҳазратлари томонидан ҳам давлат хизматчиси, биринчи галда, ҳақ йўлни танлаган, барча ишларни инсоф ва адолат тарозиси билан ўлчайдиган маънан юксак инсон бўлиши лозимлиги таъкидланган. У етти ўлчаб бир кесишга, шошилиб хулоса чиқармасликка, ёлғончи гувоҳлардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Ҳукумат ишларида раҳбарларга ҳар қандай ишни маслаҳат билан амалга ошириш зарурлигини, ўз шахсий фикрига ортиқча баҳо бериб юбормасликни уқтиради. Қабул қилаётган ҳар бир қарорининг нуқсонли томонларини ўйлаб кўришга ва ҳар ишда меъёрни билишга, ортиқча мажлисбозликка берилиб кетмасликка даъват этади. 

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, давлат хизматчилари ва раҳбар кадрларга қўйиладиган талаблар, раҳбар сифатида уларнинг шакл­ланиши, камол топиши, уларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. 2021 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ, мустақил танлов асосида амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносиб­ларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилмоқда. Шунингдек, эндиликда Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, у давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бош­қариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисоб­ланади.

Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб олиниб, ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бу эса ватанпарвар, малакали кадрларнинг давлат ишларидаги фаоллигини кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг иштирокини таъминлашни талаб этмоқда. 

Ҳақиқатан ҳам, инсонларнинг дардига қулоқ тутиш ва муаммоларига ечим излаш, уларнинг кўнглига йўл топиш осон иш эмас. Юртимиз равнақи асосий мақсадимиз экан, ҳар бир инсон, қандай давлат ташкилотида хизмат қилиши ва қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъи назар, бу ҳақиқатни чуқур тушуниб етган ҳолда, мамлакатимиз тараққиёти учун масъулиятни ҳис этиши, ўз манфаатларини шу Ватан, шу халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда яшаши ва ишлаши лозимдир. Партиямиздан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайлов­олди дас­турида ана шу масалаларга алоҳида эътибор берилганлиги “адолат”чиларнинг сиёсий ҳаётда фаоллигининг ифодасидир. Шу сабабли барча юртдошларимизни партиямиз номзодини қўллаб-қувватлаб, унга овоз беришга чақираман!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгариш­лар шиддати дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб, эришилаётган натижалар юксак даражада эътироф этилмоқда. Чунки юртимизда янгиланиш­лар оқими кириб бормаган соҳа қолмади. Шаҳару қиш­лоқлар қиё­фасига қўшилиб, одамлар тафаккури, дунё­қараши, ҳаёт тарзи ҳам ўзгармоқда. Энг муҳими, халқимиз бугун олиб борилаётган сиёсат мазмун-моҳиятини тушуниб етди. Дахлдорлик туйғуси кучайди. Президентликка бўлиб ўтадиган сайлов бизнинг ватанпарварлик туйғуларимизни яна бир бор яққол намоён этади, деб ўйлайман.

Ориф ШУКУРОВ,
“Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+