Собиқ иттифоқни тиклаш – мантиқсизлик

19.05.2022 09:05:12

Бугунги кунда баъзи мамлакатларда эски совет даврини қўмсаш, ўша замонга қайтиш учун турли уринишлар бўляпти. Айрим хорижий телеканалларда Ленин даврини, Сталин даврини, СССРни улуғлаш кайфиятлари кучайиб боряпти. Масалан, Совет Иттифоқи тарқаганидан афсусланаётган россияликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. “Левада-центр” ижтимоий сўров маркази сўнгги тадқиқотларига кўра, улар сони 66 фоизга етди ва бу охирги 10 йилда энг катта кўрсаткичдир. Айни дамда, мутахассислар ўзбекистонликлар орасида ҳам Совет Иттифоқини қўмсовчилар сони кўплигига эътибор қаратмоқда.

“Левада-центр” социологлари СССР парчаланишидан пушаймонда бўлган россияликларнинг аксар қисмини 55 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этганини маълум қилди. Аммо тадқиқот натижаларидан “темир панжара” қулашидан афсусланаётганлар орасида 18-24 ёшдагилар сони кескин кўпайиб бораётганини англаш мумкин. 1991 йилда парчаланган Совет Иттифоқини қўмсаётганлар бунга “ягона иқтисодий тизимнинг бузилиши”ни (52%) ва “буюк ягона давлат ҳиссидан маҳрум этилгани”ни (36%) сабаб қилиб кўрсатди.

Бунинг сабаблари бор. Совет Иттифоқи даврида 1980 йиллар иккинчи ярмини ҳисобга олмаганда тўкин-сочинлик ҳукмрон эди. Улар фикрича, СССР пайтида хаммаёқ арзончилик бўлган, эллик тийинга қорин тўйган ва ҳоказо даъволар. Бепул ва сифатли таълим, тиббий хизматлар ҳам шулар жумласидан.  

Аммо Иттифоқнинг тарқаб кетиши, коммунистик тузумнинг асосий камчиликларидан бири динни афюн деб билгани, сиқувга олгани, хусусий мулкни тан олмаганлигидир. Ўтган асрнинг 30-йилларида якка хўжаликларни тугатиб ўрнида коллектив хўжаликларни (яъни ҳаммаси ўртада ва бу ерда “сеники, меники” деган гап бўлмайди) тузиш ҳақида Москвадан буйруқ бўлади ва “қизиллар” ҳамма жойда бу буйруқни амалга оширишга киришиб кетадилар. Бу йўлда олдинига бойлар таланади. Улар бу йўлда шунчалик шафқатсизлик қилдилар-ки ҳатто мол-мулкини ўз ихтиёри билан “ҳукуматга топширган” бойларга ҳам шафқат қилинмади ва уларнинг аксариятини “бой-қулоқ” деб отдилар, осдилар ёки ёт ўлкаларга сургун қилдилар. Кўпчилик бойлар эса мол-мулкларини топшириб ҳам ҳукуматдан қутила олмаслигини билиб Ватанни ташлаб чет элларга қочишга мажбур бўлди.

Бугун коммунистлар қурган совет тузумини ҳамма ҳам қўмсамайди.

1917-1919 йиллар - очарчилик ва низолар, 1920-1925 йиллар - қулоқ қилиш, муллаларни қамаб, масжидларни бузиш, 1934-39 йиллар - қатағон, зиёли, имонли одамларни қамаш ва отиш, 1976-1986 йиллар - турғунлик, иқтисодий ва сиёсий инқирознинг бошланиши…  

Кўриб ўтганимиздек, бугун исботини топдики, совет тузуми асос асосида ғайрибатиий таълимотга қурилди. Уни халқ қабул қилмади. Коммунистик тузум инсон эркини, ўз-ўзини бошқариш ғоясини инкор этган эди. Эркин меҳнат қилиш шароити ва кафолати йўқлиги, бозор ва товар ишлаб чиқаришнинг инкор этилиши, давлат мулкининг чексиз ҳукмронлиги ва жиддий рақобатнинг мавжуд эмаслиги иқтисодий-сиёсий эркинликнинг барбод бўлишига олиб келди. Иқтисодда инсон мулкдан бегоналашди. 

Халқимизнинг миллий уйғонишиянгича даврининг ибтидосидир.

ХХ аср интиҳосига келиб, одамзод шуни англадики, ҳар бир миллат инсониятнинг бир қисми ва бетакрор бойлигидир, асло тараққиёт йўлига тўсиқ эмасдир. Бир одамсиз халқ — кемтик, бир миллатсиз инсоният қашшоқроқдир. Миллатни, миллийликни йўқотиш шахсни, ўзликни йўқотиш сингари фожиалидир. Оқиб бораётган сувда ҳаёт мавжуд, зеро турли тезликда ҳаракат қилаётган молекулалар бор, агар шу сувдан бир идишга олиб қўйсангиз, аввал тинади, кейин айнийди ва ўлик сувга айланади. Инсоният ҳам миллий ирмоқлар қуйилиб турадиган дарёдай ҳаракатланиб, жўшиб боради. Инсоният тириклиги миллатлар биландир. Миллий ўзликни йўқотиш шахсий ўзликни йўқотиш каби ҳалокатлидир. Келажак миллатларнинг йўқолиши билан эмас, аҳиллиги ва ранг-баранглиги биландир.

Бу империя иқтисодиётида давлат мулки яккаҳокимлигидан, халқнинг хусусий мулксиз қолганидан ва бунинг оқибатида меҳнатни астойдил қилмаганидан, қама-қамалар, назоратлар, текшир-текширлар остида етиштирилган маҳсулот ҳам жаҳон бозорида талабгорга сотмай, “социализм” қураётган қолоқ мамлакатларга сув-текин берилганидан, иқтисодиёт сиёсатга бўйсундирилганидан, тўрт томондаги мамлакатлар ва халқлар “социализм душмани” ҳисобланиб улкан армия тиш-тирноғигача қуролланиб, боқилганидан қулади. Қизил салтанат маънавиятда эътиқод, дину иймон қатағонидан, оммавий даҳрийликдан, миллий қадриятлар, урф-одатлар инкор этилишидан, руҳий емирилишдан, оммавий зерикиш, парокандаликдан, ҳаётдан юлиб қалбга ҳис-туйғуларнинг миллий низолар бўлиб жунбушга келганидан қулади.

Ғоянинг қули бўлган замон ўтди. Биз идеократик жамият тузумидан кечдик ва демократик жамият сари ҳаракат қилмоқдамиз. Шундай пайтда, ўзбек халқининг меҳнати ва раҳбариятининг жасорати туфайли Ўзбекистон жаҳонга чиқаётган, ўз салоҳиятига ва қудратига муносиб тарзда барча мамлакатлар билан тенг ва ўзаро фойдали муносабатлар ўрнатаётган замонда яна қандайдир мавҳум иттифоқлар ҳақида ўйлаш қанчалик тўғри⁉️

Шукурки, халқимизнинг аксарияти ўзлигини англамоқда. Айниқса, ёшларимиз мафкуравий тумандан ҳоли, хаёли тоза бўлиб ўсмоқдалар. Улар одамга нажот аввало ўзидан, илмдан эканини англаяптилар. Ўзидан умиди йўқ, ўзини йўқотганларга ҳеч ким мадад бермаслигини тушуняптилар.

Деҳқонларимизнинг аксарияти ер олиб, экин-текин қилмоқдалар. Ҳар ким бир ишнинг бошини тутмоқда, ўзига ёрдамга келмоқда. Бундай ўктам одамлар нолиш, қўмсаш, тушкунликдан йироқдалар. Юртнинг келажаги ана шулар биландир. Мустақил давлатимизда қарор топаётган демократик тузумнинг асоси ҳам, менинг назаримда, шундай инсон ўз ҳаётини ўз иродасига қараб қуради, ўз ҳаракатлари учун масъулиятни ўз бўйнига олади, ўз тақдирини ўзи яратади.

Айтмоқчиманки, мустамлака ўтмишни қўмсаётганларнинг яна бир қисми аслида гўдаклиги, ёшлигини қўмсаётган ҳиссиётли одамлардир. Буларни тушуниш мумкин, чунки инсон болалигини қўмсайди, ахир болалиги оғир уруш йилларига тўғри келган кишилар ҳам барибир ўша дамларни эслаб, ширин хўрсиниб қўядилар, бироқ бу хўрсиниш — урушни соғиниш эмас, болаликни соғинишдир. Кечаги кунни қўмсаётганлар орасида яна бир тоифа борки, қорин бандаларини энди бемалол миннатли ясама “фаровонлик”ни қўмсайдилар, қадрга эмас, қоринга йиғлайдилар, мустақиллик келганини халқи билан бирга инсоний қадр-қимматга эга бўлаётганларини англаб етмайдилар!

Халқимизнинг аксари қисми кўзи очиқ, фикри теран, назари кенг инсонлардан иборатдир, бу эл бугун мустақилликнинг ҳавосидан тўйиб нафас олмоқда, унинг оғирини кўтариб, ҳимояси ва меҳнатига бел боғламоқда.

Халқимиз эрк қадрини англаб етди. Ўйлаб қарасак, 90-йиллардан 80-йилларга қайтишнинг иложи ҳам йўқ. Жамиятда кечаётган жараёнларга эътибор берайлик: бугун мулкнинг турли шакллари мавжуд, мулкдорлар синфи шаклланди, бозор инфраструктураси юзага келмоқда, янги бозорий онг, жаҳоний қадриятлар ривожланмоқда, хусусийлаштириш жараёнида ўз мулки ва сармоясига эга бўлганлар сони чандон кўпайди. Хўш, энди ортга қайтиб бўладими?!

Бир вақтлар мажбурлаш, тиғ остида тикланган мудҳиш салтанат қулади, энди у тикланмайди, янги давлатлар ўртасидаги муносабатлар тенглик, ҳудудий дахлсизлик, ўзаро манфаат асосигагина қурилиши мумкин. Ҳаёт Шавкат Мирзиёев танлаган йўлнинг тўғрилигини исботлади, изчил ислоҳот ўтказаётган Ўзбекистон эса аста-секин демократик давлатини тиклашга киришди, жараёнларнинг қайтмаслиги ва муқаррарлигини таъминлаб олди, барқарор ва ишончли ҳамкор сифатида жаҳон ҳамжамияти сиёсатчилари ва сармоядорларини жалб эта бошлади.

Тўғри, Сталин вафотидан кейинги даврда СССР да нисбатан маълум осойишталик бўлди, биз, урушдан кейинги авлод ўша даврда яшадик, социализмнинг ижобий томонларидан бахраманд бўлдик, бепул таълим, бепул тиббий хизмат, бепул уй жойлар, ўқитувчиларга берилган катта имтиёзлардан фойдаландик, шу билан бирга коммунистик мафкура утопия эканлигини аста секин тушуна бошладик. Динга қарши атеистик пропаганда, хусусий мулкнинг йўқ қилиниши, миллий қадриятларнинг топталиши тўғри эмаслигини жамият англай бошлаган эди, Горбачев бошлаб берган "қайта қуриш" сиёсати бутун СССР ҳудудида миллий мустақиллик ҳаракатларининг ривожланишига имконият яратиб берди, СССРнинг тарқалиши ҳам қарийб қонсиз амалга ошди, жумладан Ўзбекистонимиз мустақиллигига ҳам амалдаги ҳокимият қаттиқ қаршилик кўрсатмади. Шунинг учун 60-70 ёшлардаги, урушдан, Сталин вафотидан кейин туғилган бизнинг авлод социализмнинг ижобий томонларини ўз ҳаётида кўпроқ кўрганлиги учун у тизимни унчалик кучли танқид остига олмайди, бугунги миллий мустақил Ўзбекистонимиз ривожида ўша даврдаги баъзи ижобий жиҳатлардан фойдаланиш мумкинлигини ҳам рад этмайди, инкорни инкор қонунини амалиётга диалектик руҳда тадбиқ этиш зарурлигини мақуллайди, кўпроқ толерантлик, бағрикенглик тамойили асосида иш юритишни қўллаб қувватлайди.

Ҳурматли ёшларимиз катта авлодни тўғри тушунасиз деган умиддамиз, Янги Ўзбекистон фақат кучли илм-фан, чуқур таълим-тарбия асосида гуллаб яшнаши мумкин, келинглар ҳар биримиз ўзимиз танлаган фанимиз учун жон куйдирайлик, уни бозор иқтисоди талаби асосида амалиётга яқинлаштирайлик, янги лойиҳалар ишлаб чиқайлик, ҳамкорлик қилайлик азизлар!

Ўзбекистон ўз йўлини танлади. Жасоратли раҳбари бошчилигида янги Ўзбекистонни қуришга киришди, миллий маданият, мерос тикланмоқда, тарих ҳаққоний ёзилмоқда, аждодлар шавкати қад ростламоқда, Орол ва унинг асоратлари даволанмоқда, келажак авлодларнинг соғломлигига қуйғурилмоқда, чуқур сиёсий ислоҳотлар натижасида демократик ҳуқуқий давлат барпо этилди, кўппартиялилик қарор топди, иқтисодиётда турли мулк шакллари пайдо бўлди, бозор тизими шаклланди, миллий иқтисодиёт изга тушди, миллий валюта қадрини топди ва, натижада, Ўзбекистон жаҳонга юз кўрсатди, тенглар қаторида баробар муносабат қила бошлади. Халқ ўз қадрини англади, ўзлигини топди.

Бу билан биз собиқ Иттифоқ ҳудудидаги интегарацияга буткул қаршимиз, демоқчи эмасмиз.

МДҲ маконидаги мамлакатларимиз халқларининг яқинлашуви - табиий кечаётган жараён. Бу халқ интеграцияси бўлиб, сунъий равишда жорий этиладиган сиёсий интеграциядан фарқли ўлароқ, ҳақиқий интеграциядир. Советлардан кейинги давлатларнинг биронтаси ҳам интеграцияга қарши чиқаётгани йўқ. Айни чоғда уларнинг биронтаси ҳам ўз мустақиллигидан воз кечмоқчи ҳам эмас. Айтмоқчиманки, жаҳонда глобализация ва кўпқутблилик жараёнлари кечаётган шароитда мажбурий интеграцияга бирлашиш акс самара беради. Давлатлар ўзларининг ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятида мустақил, агар иқтисодий манфаатлар бўлса, мана шундай тенг ҳуқуқли иқтисодий иттифоқларга қўшилиш мумкин. СССРни эса эски кўринишда тиклаб бўлмайди, бу ҳеч қандай мантиқга тўғри келмайди.

 

Исмоил Саифназаров,

фалсафа фанлари доктори,

ТДИУ профессори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+