Токиодан 5 та медал билан

09.08.2021 20:08:42

 32-чи ёзги олимпиада ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Ёпилиш маросимини кузатар эканмиз дунёдаги барча халқ ва миллатларни бир жойга жамлаб, уларни ўзаро бирлаштирадиган бу  даражадаги бошқа бирон тадбир бўлмаса керак деган фикрга келдик. Ҳа, Токиодаги миллий олимпия стадионида 205 давлатдан келган  5 минг нафарга яқин спортчи жам бўлди. Уларнинг ирқи, дини, тиллари бошқа-бошқа бўлса-да, аммо мақсадлари, туйғулари, кечинмалари бир хил эди. Бир жойнинг ўзида 205 хил  давлат байроғининг ҳилпираши ҳам мўъжизанинг ўзи.  

Бу олимпиада  ўзига хослиги билан  ажралиб турди. Аввало, у бутун дунёда давом этаётган оғир пандемик вазият сабаб  тўрт эмас беш йил деганда  ташкиллаштирилди. Аммо “Токио 2020” номи билан аталди.  Қолаверса, томошабинларсиз ўтказилди. Мусобақалар дастурига скалолазание, серфинг, скейтбординг, баскетбол 3х3 каби спорт турлари ҳам киритилди.

Токиода Ўзбекистон номидан 17 спорт тури бўйича 67 нафар  атлет иштирок этди. Якуний натижа эса 3 та олтин, 2 та бронза билан 32-ўрин. 5 йил аввалги Рио олимпиадасида 13 та медал билан 21 ўринни банд қилган эдик. Бундан кўринадики, 5 йиллик тайёргарликнинг меваси биз кутганчалик натижа бермади. Энг ачинарлиси, спортчиларимизнинг аксариятида шижоат ва ғалабага бўлган интилишни кўрмадик. Рақибга  босим ўтказиш,  балл бўйича ортда қолаётганда ҳаракатни кучайтириш, борини бериб курашиш характери намоён бўлмади уларда (бу менинг кузатишларим). 

Тўғриси, мусобақаларда ҳакамларнинг нотўғри қарорларига ҳам кўп гувоҳ бўлдик. Баҳолашдаги адолатсизликларни кўриб, наҳотки, шундай тартибли ва ҳалол япон давлатида адолатнинг нархи бу қадар тушиб кетди, деган ўйга борасиз. Масалан, боксчиларимиз Миразиз Мирхалилов, Турсуной Рахимова, бадиий гимнастикачи қизларимиз жамоаси ҳакамларнинг адолатсиз қарорлари туфайли кейинги босқичга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бундай ноҳақликларга биз каби бошқа давлатларнинг вакиллари ҳам  дуч келди. Аммо ҳеч қандай эътироз инобатга олинмади. Масалан, Франция номидан рингга чиққан боксчи Мурод Алиев ҳакамлар қароридан норози бўлиб, бир соат ринг четида ўтирди. Оқибатда, у бу хатти-ҳаракати учун мусобақадан бутунлай четлатилди. Токиода “Ҳакам ҳамиша ҳақ”  қабилидаги шиор илгари сурилди назаримизда.

Нима бўлганда ҳам навбатдаги ва узоқ кутилган олимпиада ўз якунига етди. Биз уни дунё бўйича 32-чи, Осиёда 4-чи, МДҲда 2-ўрин билан якунладик. Бунинг учун вакилларимизга катта раҳмат деймиз. Энди навбат параолимпия ўйинларига.

Нигора ТЎХТАМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши фаоли  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+