Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам коррупция кўп – Президент

29.05.2021 12:05:53

Сўнгги уч йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метрли 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошган. Замонавий массивлар сони кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатиш долзарблиги ҳам ортиб бормоқда.

– Бир нарсани тўғри тушуниш керак, агар инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди, норозилик кайфияти кучаяди. Ўтказилган сўровларда 35 фоиз аҳоли кўп қаватли уй-жойларга кўрсатилаётган хизматлардан мутлақо норози, 65 фоиз аҳоли ширкатлар ишини амалда сезмаяпти, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида ширкатларнинг муддати ўтган кредиторлик қарзи 1,4 триллион сўмдан ортиб, 950 тасининг (25 фоиз) молиявий ҳолати ўта оғир аҳволда экани айтилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида – 209 та, Андижонда – 208 та, Самарқандда – 68 та, Жиззахда – 65 та, Қорақалпоғистонда – 46 та, Фарғонада – 26 тани ташкил этмоқда.

Қарийб 70 фоиз ширкатларнинг кредит муддатлари ҳаттоки 3-4 мартадан узайтириб берилгани билан, ушбу имтиёз берилган кредитларнинг 52 фоизи сўндирилмаяпти.

Муаммоли кредитларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Андижон, Тошкент вилояти, Фарғона, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.

Президент уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, қолаверса, коррупциявий омиллар анча юқори эканини қайд этди.

Жумладан, ўтган 2 йил давомида соҳанинг 100 га яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилган.Масалан, Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 миллион сўм, Наманган “Таъмирлаш тиклаш хизмати” корхонаси мансабдорлари 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган, Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборган.

Шу боис, йиғилишда кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш, соҳада коррупцияни йўқотиш уй-жой комммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.Ҳидоятов ва вазирлик тизими олдидаги устувор вазифа этиб белгилаб берилди.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+