Видеоселекторда мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини оширишга эътибор қаратилди

02.04.2021 13:04:02

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, аҳоли саломатлигини сақлаш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш орқали жамиятда барқарорлик ҳукм суради. Соҳа ва тармоқларда кўзланган мақсадларга эришишга рағбат беради. Шундан келиб чиққан ҳолда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини янгича мезонлар, самарадор тажрибалар асосида ташкил этиш борасида жуда катта ишлар бажарилди. Ҳозирги вазият эса мазкур йўналишдаги ишларни яна ҳам кучайтиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз йиғилишда аҳоли саломатлиги сақлаш бўйича аҳолининг талаб ва истаклари асосида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва даврнинг ўзи тақозо этаётган долзарб вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур видеоселекторда Президентимиз томонидан муҳим эътибор соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига қаратилди. Йиғилишда Президентимиз Патронаж тизимини янги тизимда ташкиллаштириш, яъни маҳалла тизимида маҳаллабай, хонадонбай кесимида олиб бориш вазифаларини ўртага қўйди. Бу борада қишлоқ шифокорлик пунктлари, Марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланди. Биринчи навбатда аҳолимизни соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаолликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилиб, бу борада аҳолимизни хатлов тизими орқали тиббий кўрикдан ўтказиб, тўрт гуруҳга бўлиб, бу гуруҳларини ҳар биттасини ўзига яраша муаммоларини аниқлаш ва улар билан алоҳида-алоҳида ишлаш юзасидан топшириқлар берилди. Бу борада нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки барча ташкилотлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар аҳоли билан мунтазам ишлаши, аҳоли ўртасида  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиши масалаларини кун тартибига қўйилиши белгиланди. Бундан асосий мақсад аҳолини соғломлаштириш масаласини долзарб масала сифатига қўйишдир. Яъни гуруҳларда аниқланган беморларда марказларда, вилоят марказларида, албатта ихтисослашган марказларда профессор, иқтидорли шифокорлар ёрдамида амалиётлар, операциялар ёки консерватив даволашлар амалга оширилади.

Видеоселекторда мамлакатимизда эпидемологик вазиятни ҳисобга олиб вилоятларнинг ҳар битта туман ва шаҳарларида мутасадди ташкилотлар томонидан аҳолига мурожаат қилиб, эпидемиологик вазиятга беэътибор бўлмасликка қарата тарғибот қилишлик зарурлиги айтилди.

Шунингдек, ўтган йил Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг баъзи вилоятларида Тиббиёт кластерини ташкил қилиш бўйича ғоялар берган эди. Йиғилишда шу ишлар юзасидан ҳудудларда бир қатор ишлар амалга оширилиши ҳам режалаштирилди. Тиббиёт кластери - бу бир хил, ўхшаш шифохоналарни бир жойда жамлаб халқимизга хизмат қилишдир. Биринчидан, бунда кадрлардан тўлиқ фойдаланиш, иккинчидан ўша ердаги тиббий жиҳозлардан самарали фойдаланиш, унинг базасида Тиббиёт институтини ташкил қилиш масалалари ётади. Шу орқали тиббиётнинг сифатини ошириш мумкин бўлади.

Энг асосийси, муҳокама жараёнида давлат тиббий хизматидан одамларнинг розилиги  хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Мухтасар айтганда, белгиланган амалий ишлар режаси мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+