Вилоятларда ҳам кўп қаватли уйларга бошқарув-сервис компаниялари хизмат кўрсатади

29.05.2021 12:05:41

Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун уларга бошқарув-сервис компаниялар жалб этилади.

Масалан, Юнусободда 269 та ширкатни (мингта кўп қаватли уй) 12 та бошқарув-сервис компаниясига бириктириш ҳисобига авариялар 60 фоизга, муддати ўтган қарздорлик 25 фоизга қисқарган, 1,4 миллиард сўмлик кредитлар қайтарилган.

Ушбу туманда 110 та кўп қаватли уй-жойга 25 та ширкат томонидан кўрсатилган хизматларни бугунги кунда 54 та ишчиси бўлган 1 та бошқарув компанияси амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, бошқарув компанияси қўшимча 9 та мактаб ва боғча, 50 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган.

Бу ҳақда бугун, 28 май куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Таъкидланишича, ширкатларда уй-жойларни сақлаш тарифининг 35 фоизи иш ҳақига кетган бўлса, бошқарув компанияси ишчиларига ойликни 2 бараварга оширганда ҳам бу кўрсаткич 7-8 фоизни ташкил қилган.

Шу боис, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.Ҳидоятовга вилоят ҳокимлари билан бирга, тажриба тариқасида Нукус (56 та уй), Андижон (134 та), Бухоро (45 та), Жиззах (54 та), Қарши (54 та), Навоий (101 та), Наманган (103 та), Самарқанд (47 та), Термиз (109 та), Гулистон (85 та), Урганч (60 та) Фарғона (90 та), Чирчиқ (74 та)ва Ангрен (92 та)шаҳарларида бошқарув-сервис компаниясини аниқлаб, кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни уларга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бошқарув-сервис компаниялари билан ишлаш бўйича Юнусобод тумани ва Чирчиқ шаҳрида “намунавий тажриба” яратиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатишни профессионал даражага олиб чиқиш бўйича Юнусобод тумани ҳокимининг ахбороти тингланди.

Мутасаддиларга бошқарув-сервис компаниялари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Бунда хизмат сифати, таъмирлаш бригадаси мавжудлиги, молиявий ҳолати, аҳолининг фикри баҳоланиши кераклиги қайд этилди. Рейтинг яхши бўлса, хизмат кўрсатадиган уй-жой сони кўпайтириб берилади.

Барча бошқарув-сервис компанияларида 24 соат “онлайн” ишлайдиган буюртма қабул қилиш марказлари ташкил этилиб, назорати Уй-жой фонди инспекциясига юклатилади.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+