Ягона электрон база ишга тушди

15.06.2021 10:06:31

Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-май ойларида тармоқ инспекторлари томонидан жами 12 минг 801 та назорат тадбири, шундан 440 та текшириш, 12 минг 361 та мониторинг тартибидаги ўрганиш ўтказилган.

Назорат тадбирлари давомида жами 6 минг 375 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Улар бўйича 660 та ёзма кўрсатма, 167 та тақдимнома киритилган, 5 минг 515 та ҳолатда маъмурий чора қўлланилган, 157 та ҳолатда ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Мамлакатимизда мавжуд барча қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларининг ягона электрон базаси ишга туширилди. Электрон база бугунги кунда 301 минг донадан зиёд техника, жумладан, 14 минг дона ҳайдов, 50 мингдан ортиқ чопиқ, 71 мингга яқин транспорт трактори, 6 мингга яқин ғалла ўриш комбайни, 31 мингдан ортиқ мелиорация ва йўл қурилиши техникалари, 1000 дан ортиқ замонавий юқори унумли пахта териш машиналари ва бошқа техникалар тўғрисида тўлиқ маълумотларни жамлаган.

Электрон база ишга туширилиши натижасида техникаларни рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш, уларнинг аниқ хисоби ва техника ҳолати ҳамда тракторчи-машинист гувоҳномасини беришни онлайн назорат қилиш йўлга қўйилди.Техникаларнинг электрон рақамли ҳисоби юритилиши натижасида электрон базани Давлат хизматлари агентлиги ва Мажбурий ижро бюроси билан интеграция қилиш ишлари якунланди.

Бунинг натижасида шу кунгача Давлат хизматлари агентлигининг 1 миллион 217 минг 280 та ҳамда Мажбурий ижро бюросининг 2 минг 355 та сўровига электрон шаклда тўғридан-тўғри, инсон фактори аралашмаган ҳолда маълумот алмашиниши таъминланди. Шунингдек, электрон базани Қишлоқ хўжалиги, Адлия вазирликлари ва Давлат солиқ қўмитаси билан интеграция қилиш ишлари якуний босқичга кирмоқда.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+