Янги меҳнат кодекси: унда қандай янги нормалар назарда тутилмоқда?

31.10.2022 17:10:36
Ҳаётимизнинг кўп қисми иш, меҳнат билан ўтади. АҚШнинг дунёдаги нуфузли "Gallup" тадқиқот маркази маълумотларига кўра, одамлар ўз ҳаётининг 81,396 соатини ёки умрининг учдан бир қисмини иш учун сарфлайдилар. Инсон ҳаёти давомида энг кўп вақт сарфлайдиган ягона машғулот, бу ухлашдир. Қирқ ёшга тўлган ходим тўлиқ иш вақти режимида, яъни кунига 8 соат, ҳафтасига 40 соат ишлаган бўлса, у умрининг 3,375 кунни ишхонада ўтказган бўлади.

Шундай экан, иш жараёнида ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг меҳнат қилиш, касб танлаш, адолатли ва хавфсиз шароитларида ишлаш ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланмоғи лозим. Зеро Президент Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри" ғояси замирида ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши учун унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Барчамизга маълум, 2022 йилнинг 28 октябрь куни давлат раҳбари томонидан «Ўзбекистон Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Шуни қайд этиш керакки, ушбу кодексни ишлаб чиқиш ҳақидаги устувор вазифалар бир неча йил олдин, аниқроғи, 2017 йил 7 февралда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган эди. Орадан олти йилга яқин вақт ўтиб, ушбу кодекс қабул қилинди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Хўш, янги Меҳнат кодекси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қайси кафолатларни таъминлашни ваъда қилади, унда қандай янги нормалар назарда тутилмоқда, қонунни амалиётга жорий этиш орқали нималарга эришиш мумкин? 

Биринчидан, ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш тартиби жорий этилди.

Меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар ҳимояси кафолатланмоқда. Бунда ходимининг туғилган вақти, тугатган таълим муассасаси, ишлаган ташкилотлари, телефон рақами, уйланганлиги ёки турмушга чиққанлиги, соғлиги ҳолати, қариндош-уруғлари ва шу каби бошқа фактлар иш берувчи томонидан учинчи шахсларга қонунга зид тарзда тақдим этилиши мумкин эмас. Содда қилиб айтганда, «менга фалон ходимингизнинг «объективка»сини телеграмдан ташлаб юборинг» қабилидаги сўровлар энди қонун тақиқланади.

Иккинчидан, ходимларнинг йиллик асосий таътили муддатининг давомийлиги кўпайтирилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.

Амалдаги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Зеро Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисида»ги 1970 йилги конвенцияси 3-моддасида белгиланишича «бир йиллик иш учун бериладиган таътил миқдори ҳар қандай ҳолатда уч иш ҳафтасидан кам бўлмаслиги керак».

Учинчидан, дам олиш куни байрам кунига тўғри келган тақдирда, у кейинги иш кунига кўчирилади.

Янги тартибга асосан, агар дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолган тақдирда, у байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Янги Меҳнат кодексига асосан, тўққизта ишланмайдиган байрам кунлари мавжуд. Дейлик, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни дам олиш куни, яъни шанба ёки якшанбага тўғри келиб қолди. Бунда қоидага асосан, шанба ёки якшанбада назарда тутилган дам олиш куни 9 декабрга сурилади. Қайд этиш жоизки, бундай тартиб илгари мавжуд эмас эди.

Тўртинчидан, аёлларга ҳомилани антенатал (туғруққача) парваришлаш учун қўшимча бўш кунлар берилмоқда.

Иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш, яъни перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланди. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, бу «декрет», яъни ҳомиладорлик таътили саналмайди, ундан ташқари бериладиган, иш ҳақи сақланадиган бўш кунлардир.

Бешинчидан, масофадан туриб ишлаш тартиби қонунлаштирилди.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида глобал пандемия туфайли Европа ва Марказий Осиё минтақаларида иш вақтининг 3 фоизи (12 миллион иш ўрнига тенг) йўқотилган. Шуни таъкидлаш керакки, COVID-2019 пандемияси Ўзбекистонда масофавий меҳнатни қонун йўли билан тартибга солиш заруратини кўрсатиб берди. Янги Меҳнат кодекси асосида ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарти билан иш берувчи ва ходим ўртасида масофавий меҳнат муносабатлари жорий этилиши мумкин. Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилади.

Олтинчидан, уй ишчиларининг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан
тартибга солинди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёда камида 67 миллион уй ишчиси бор, уларнинг 80 фоизи аёллардир. Бизнес ёки бошқа машғулот билан банд бўлган шахслар ўзларининг кундалик маиший эҳтиёжларини қондириш мақсадида энага, ошпаз, боғбон, қоровул, оқсоч, ҳайдовчи каби уй ишчиларини ёллашга эҳтиёж сезмоқда. Янги таҳрирдаги кодекс айнан шу турдаги ижтимоий муносабатларни қонуний тартибга солди. Кодексга асосан, уй ишчиларининг ёлланиб ишлаш бўйича иш даврлари башарти ижтимоий солиқ тўланса, ходимнинг меҳнат стажига киритилади.

Еттинчидан, ходимларнинг ўз ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиш тартиби аниқлаштирилди.

Жорий этилган тартибга асосан, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ходим ўз ҳаётига ва соғлиғига бевосита таҳдид солувчи ишни бажаришни, шунингдек, иш берувчининг талабига кўра меҳнат шартномасида назарда тутилмаган ишни бажаришни рад этиши мумкин. Бунда ходим ўзининг бевосита раҳбари ёхуд иш берувчининг бошқа вакилини ёзма шаклда хабардор қилиб қўйиши талаб этилади.

Масалан, ўқитувчининг меҳнат шартномасидаги асосий вазифаси таълим олувчиларга дарс бериш саналади. Иш берувчи ундан меҳнат шартномасида назарда тутилмаган пахта теримига чиқиш ёки тунги навбатчиликка туришни талаб қилмоқда. Янги Меҳнат кодексининг 531-моддасига асосан ушбу вазиятда ходим иш берувчининг ноқонуний талабини бажармасликка ва ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилишга ҳақли.

 

Мирёқуб Раҳимов,

Тошкент давлат юридик университети

Меҳнат ҳуқуқи кафедраси

доценти вазифасини бажарувчиси,

PhD

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+