ЖССТ экспертлари Сирдарёда

08.06.2021 15:06:47

Гулистон шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари иштирокида Сирдарё вилояти давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ ишлар юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Унда ЖССТ ва Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябридаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, жорий йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг 1 июлига қадар вилоятдаги тиббиёт муассасаларида жорий этиладиган давлат тиббий суғурта жамғармаси механизмлари муҳокама қилинди.

Муҳокамада ЖССТнинг бирламчи тиббий санитария ёрдами бўйича Европа офисининг Қозоғистондаги техник ходими Арнолдас Жургутис, ташкилотнинг Португалиядаги консультанти Александре Лоуренко, Соғлиқни сақлаш сиёсати бўйича маслаҳатчи, ташкилотнинг Ўзбекистон офиси раҳбари Кристофер Фицпатрик ва бошқа экспертлар ва юртимиздаги мутахассислар ўзаро фикр алмашди.

Улар Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида тажриба-синов лойиҳаси доирасида жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ ишларни таҳлил қилди. Бу борада эришилган ютуқларни Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида жорий этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Мазкур механизм Сирдарё вилоятига жорий қилингандан сўнг, унинг иккинчи босқич ишлари 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланади. 2025 йилдан бошлаб эса ушбу давлат тиббий суғуртаси механизми бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилади.  

 

А.Қаюмов, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+