Давлат дастури ижроси учун барчамиз масъулмиз

04.03.2021 18:03:29

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ишлаб чиқилаётган мақсадли дастурлар, инсонларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлашга қаратилган. Бу дастурларни амалиётга татбиқ этишда давлат ва нодавлат идоралари билан бир қаторда биз ёшлар ўз фаоллигимизни номоён этсак, ижобий натижаларга эришиш имкони янада ортади.

Хусусан, 2021-йил мўлжалланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га мўлжалланган давлат дастуридаги устувор ғоялар ҳам мавжуд барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар, энг аввало, юртимизнинг барча фуқаролари фаровонлиги, уларнинг ҳаётдан рози бўлган ҳолда яшашига эришиши лозимлигига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қолаверса, мазкур йилга мўлжалланган Давлат дастурида ҳам кўп йиллар мобайнида ўз ечимини топмай, сақланиб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишига катта аҳамият берилган. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ қилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар ўз аҳамиятини янада кучайтиради. Зеро, дастурий вазифаларимиз қаторида узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари турибди. Ушбу йўналишлар партиямиз Сайловолди дастуридаги таклиф-ташаббуслар билан уйғун экани партиямиз, барча даражадаги депутатлар ҳамда фаоллар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Биламизки, ҳар қайси давлат учун иқтисодий барқарорликка эришиш энг муҳим масала ҳисобланади. Давлат дастурида ушбу соҳага ҳам алоҳида эътибор берилган. Жумладан, дастурнинг 276 та бандидан 113 таси айнан иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига қаратилгани фикримиз тасдиғидир.

Давлат дастурининг иқтисодий йўналишдаги яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, унда бюджет маблағларининг сарфланиши ҳамда давлат қарзи харажатларини шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилган. Эндиликда, вазирлик ва идораларга бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни ўз веб-сайтларида эълон қилиб бориш мажбурияти юклатилмоқда. Бу каби ишлар самарадорлигини ўз вақтида таъминлаш учун эса маълумот бермаган ташкилотлар Ҳисоб палатаси томонидан жаримага тортилиш механизми амалиётга жорий қилинади.

Бундан ташқари, Давлат дастурида барча йўналишларда  қамрови кенг, моҳиятан юксак ишлар амалга оширилиши белгиланган. Бу эса Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, унинг барча даражадаги депутатлари ва аъзолари олдида катта вазифалар турганини билдиради.

 

Воҳид САИТХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шароф Рашидов туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+