Дaвлaт хизмaтлaри – хaлқ мaнфaaтлaри устуворлигининг муҳим омили

09.04.2021 20:04:08

Ҳар бир демократик давлатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини эътироф этувчи, тан олувчи ва амалга оширилишида асос бўлиб хизмат қилувчи муҳим ҳужжат бу Конституция ҳисобланади. Конституцияни фуқаролар ва давлат ўртасидаги ижтимоий шартнома сифатида кўрсатиш мумкин. Унда давлатнинг фуқаролар олдидаги вазифалари, мажбуриятлари ҳамда фуқароларнинг давлат олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилади. Демак, Конституция ҳар бир мамлакатнинг ўз ҳудудида яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доирасини асосий қомус сифатида кўрсатиб туради. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул[1] экани белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда Конституциямизда белгиланган инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқларини эътироф этиш, таъминлаш соҳасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.       

 Шулардан бири фуқаролар ҳаётини енгиллаштиришга, турли оворагарчиликларни олдини олишга кўмаклашувчи давлат хизматлари марказлари фаолиятининг ташкил этилганлиги ҳамда “электрон ҳукумат”нинг жорий этилишидир. Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида инсон манфаатлари бош мезон сифатида белгилангани ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғоя илгари сурилгани давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Бугунги ахборот технологиялари ривожланган дунёда хизмат кўрсатиш соҳаларининг рақамли технологиялар асосида амалга оширилиши, халқ манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган айрим мамлакатларда бу турдаги хизматлар жамоат хизмати сифатида ҳам эътироф этилади. Чунончи, Франция, Буюк Британия, Канада каби давлатлар “public service”, яъни жамоат хизмати сифатида аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйган. Буюк Британиядаги қизил рангли телефон буткалари, аҳолига бир неча йиллардан бери алоқа хизматини кўрсатиб келаётгани ва телефоннинг асосан жамоат жойларига ўрнатилганини кузатиш мумкин. Ёки давлат хизматини ташкил этишда улкан муваффақият қозонган давлатлардан бири Сингапур давлати мисолида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш жоиз.

1995- йил май ойида Сингапур ҳукуматининг доимий котиблари давлат хизматларини ислоҳ қилиш дастурини “21 аср учун давлат хизмати” ёки қисқача PS21 деб номлашди (Лим, 1997). PS21 бир қатор мавжуд схемаларни, шу жумладан ишларни такомиллаштириш гуруҳлари ва хизматларни такомиллаштиришни бирлаштирди, кенгайтирди. PS21нинг юқори даражадаги оммавий обрўси расмий ҳужжатларда бу бутун давлат хизмати самарадорлигини ошириш ва янада сифатли хизматларни кўрсатишга қаратилган ташаббус эканини таъкидлаш билан изоҳланади. Ушбу йирик ислоҳот иккита асосий мақсадни амалга оширишга умид қилди: а) “юқори сифатлилик ва хушмуомалалик талаблари билан жамоатчилик эҳтиёжларини қондиришда хизмат кўрсатишнинг мукаммаллиги муносабатини ривожлантириш”; б) “доимий ўзгаришни кучайтирадиган ва кутиб оладиган муҳитни ривожлантириш”, давлат хизматчилари маънавияти ва фаровонлигига эътибор беришда замонавий бошқарув воситалари ва усулларини қўллаш орқали самарадорликка эришиш” (Чеунг, 2003).              PS21 ташаббусига Бош вазир девони ва Марказий бошқарув қўмитаси (аъзолари таркибига турли вазирликларнинг доимий котиблари киради) ва тўртта функционал қўмита раҳбарлик қилади[2].

Сингапур – аҳоли ва бизнесга электрон хизматлар тақдим этиш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. 2005 – 2016 йиллар давомида Сингапур давлат органлари ўз хизматларини электрон шаклда тақдим этишни бошлади. 2005 – 2009 йиллар давомида 1600 та давлат хизматлари (барча хизматларининг 80 фоизи) электрон шаклга ўтказилди. Ҳозир мамлакат “Рақамли ҳукумат” тизимини қурмоқда. Мазкур тизим доирасида фуқаролар рақамли давлат хизматларидан қачон хоҳласа ва қаерда истаса фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Тизим барча идораларнинг фаолияти мужассам бўлган ҳамда фуқаро билан икки томонлама алоқа таъминланган ягона рақамли платформада давлат бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради. Сингапур “агиле” (тезкор) режимидаги давлат хизматларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда. Яъни, давлат идоралари тезкор суратда давлат хизматларини ишлаб чиқаради ҳамда татбиқ этади. “Рақамли ҳукумат” тизимини яратишда кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотлар ўтказиш сўзсиз муҳим жиҳатлардан  бири ҳисобланади. Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази (NUS ISS/eGL) салоҳиятни мустаҳкамлаш, маслаҳат ва амалий тадқиқотларда кўмак кўрсатади.

Талаб қилинган рақамли давлат хизматларини ишлаб чиқаришда хизматлардан фойдаланувчининг талабларига ҳамда дизайн-фикрлашга катта эътибор берилади. Бунга эса, электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази тингловчилари ўқитилади.

Ўзбекистонда ҳам давлат хизматларини кўрсатиш тизими изчиллик билан ривожланиб бормоқда ва модернизация қилинмоқда. Https://fo.birdarcha.uz, https://my.gov.uz/uz порталлари орқали Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ягона Портал, ЯИДХП) фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш ва улар ҳақида энг зарур маълумотлардан фойдаланишнинг ягона нуқтаси яратилди. Ягона Портал хизматларининг янги талқинида барча хизматлар ҳар бир шахсга мослаштирилган ва рўйхатдан ўтгандан сўнг фойдаланиш имконини беради. Портал орқали хизматлардан фойдаланишда марказга бориб фойдаланиладиган хизматлардан фарқли равишда чегирмалар белгиланган. Бу ҳам айнан содда, қулай, шаффоф ва тезкор хизматларни таъминлашга қаратилган фаолиятнинг ёрқин намунасидир[3]. Умуман олганда, мамлакатимиз қонунчилигига биноан давлат хизмати – ариза берувчиларнинг сўровларига кўра амалга ошириладиган, давлат органларининг вазифаларини бажариш бўйича улар томонидан кўрсатиладиган хизмат, электрон давлат хизмати – ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати[4] ҳисобланади.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил                         12-декабрдаги “Aҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5278-сон Фармонига мувофиқ, Aдлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Дастлабки йилларда “ягона дарча” марказлари асосан тадбиркорларга хизмат қилган бўлса, 2018-йил 1-январдан “ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. Ушбу давлат хизматлари марказлари орқали фуқаролар ўзларининг Конституцияда белгиланган шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини амалга оширишда катта қулайликларга эга бўлди. Ушбу жараён давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда ҳам қатор енгилликлар яратди.      

Бугунги кунда ижтимоий соҳага оид 22 турдаги, иқтисодиёт ва молия соҳасида 47 турдаги, экология соҳасида 11 турдаги, архитектура ва қурилиш соҳасида 47 турдаги ва 12 турдаги гувоҳномалар бериш каби хизматлар[5] республикадаги давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда.   Қайд этилган фармонга мувофиқ, давлат хизматлари ягона Реестри[6] тасдиқланган. Унга кўра бугунги кунда 716 турдаги давлат хизматлари давлат органларининг бевосита ўзи ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда. Кўрсатилаётган хизматларнинг 655 таси анъанавий, 307 таси эса электрон тарзда амалга оширилиши, айни вақтда хизматларнинг 261 таси бепул, 477 таси эса пуллик амалга оширилиши белгиланган. Aҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш давом эттирилишини таъминлаш мақсадида 2020-йил 31-январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5930-сон Фармони қабул қилинди[7]. Ушбу фармоннинг                      6-бандига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда давлат хизматлари марказлари филиалларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланди.

Фармоннинг 7-бандида эса Филиалларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобил (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш;

фуқароларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланишнинг бошланғич кўникмалари бўйича маслаҳатлар бериш;

тегишли ҳудуд аҳолисини кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб бориш.

Фармонга кўра, Aгентлик тузилмасида Aгентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 5 та штат бирлигини ажратган ҳолда Давлат хизматларини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлатимизнинг аҳолига хизматлар кўрсатиш соҳаларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Хусусан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-февралдаги ПФ–6155-сон Фармони[8]га асосан Aдлия вазирлиги икки ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартиришга қаратилган, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритиши кўрсатиб ўтилди:

фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фойдаланиши мумкин бўлган давлат хизматларининг кўламини кенгайтириш;

давлат, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаро шахсини тасдиқлашнинг ягона идентификация рақамини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали улар ўртасида қоғоз кўринишида ҳужжат тақдим этиш амалиётига чек қўйиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматларининг натижаларини почта алоқаси орқали етказиш амалиётини йўлга қўйиш;

“марказ – маҳалла – фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиб келинаётган хизматларнинг ҳар бир оилага кириб боришини таъминлаш бўйича Қарши шаҳар тажрибасини жорий этиш.

Кўриниб турибдики, давлат хизматлари кўрсатиш дастлабки йилларда республика марказий шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар марказларида ташкил этилган бўлса, бугунга келиб, хизматларнинг ҳар бир оилага кириб бориши масаласи алоҳида этиборга олинмоқда. Дарҳақиқат, давлат ўз фаолияти давомида шунчалик кўп ва кенг қамровли вазифаларни бажарадики, уларнинг ҳар бири муайян ҳолат ва вазиятга йўналтирилади. Давлат ўз олдидаги муаммоларни ҳал этишда ана шу заруратдан келиб чиқиб, ўз ҳуқуқларини амалга оширади. Умумий қоидага кўра, давлатнинг хатти-ҳаракатлари жамият ва унинг ҳар бир аъзоси фаровонлигига қаратилади, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади[9].

 Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, айтиш керакки, давлат хизматлари кўрсатишнинг рақамлаштирилиши аҳолига ҳар жабҳада қулай. Aммо электрон давлат хизматларидан фойдаланишда фуқароларда интернет тармоғи билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келмоқдаки, бу айниқса, шаҳар марказларидан узоқда жойлашган аҳоли манзилларида яққол кўзга ташланмоқда. Фикримизча, юқорида келтирилган ривожланган давлатлар тажрибаси мисолида айтиш керакки, биринчидан давлат томонидан алоқа хизматларини янада яхшилаш масаласига этибор қаратилиши, етарли маблағлар ажратилиши лозим. Иккинчидан, “Электрон ҳукумат” мобил иловасини ишлаб чиқиш керак. Учинчидан, фуқароларда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларининг етарли шаклланмаганлиги ҳам ушбу соҳада электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш бўйича тарғибот чора-тадбирларни кенгайтиришни тақозо этади. Тўртинчидан, умумий ўрта талим мактабларида ўқитилаётган давлат ва ҳуқуқ асослари фани мавзу режалари таркибида “Электрон ҳукумат” ёки давлат хизматлари тўғрисидаги мавзулар киритилиши ёшларда электрон давлат хизматларидан фойдаланишда етарли кўникма ҳосил қилган бўларди.

 Хулоса ўрнида таькидлаш лозим, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасининг такомиллаштирилиши ҳамда “элэктрон ҳукумат”нинг жорий этилиши фуқаролар, тадбиркорлик субектлари ва давлат ўртасида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таьминлайди.

 

Нуриддин Ашуров,

ТДЮУ магистранти

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+