Фаоллигим менга нима берди?

06.08.2021 17:08:49

Партиямиз тизимидаги “Замонамиз қаҳрамонлари” рукнининг бугунги меҳмони Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши Ёш адолатчилар қаноти раиси Қурбонали Илашев.

Қурбонали Илашев бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг Психология йўналишида 4-босқич талабаси. Бугунги кунгача бир қатор халқаро ва республика илмий конферинцияларида, кўрик танловларда иштирок этиб фахрли ўринларини эгаллаб кемоқда. Шу билан биргаликда республикада янги авлод заҳира кадрларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилоят филиали ҳузуридаги “Келажак лидерлари” клуби аъзоси.

Ҳаётдаги олтин қоидаси: Инсонинг мақсадлари чексиз бўлиши керак.

Ёш бўлишига қарамасдан “Самарканд Леадер Агенcй” МЧЖ таъсисчиси ҳамда директори вазифасида 2020 йилдан буён фаолият юритиб келаяпти. Унинг ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 5 нафар ёшни мавсумий иш билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшди. Пастдарғом туманида ёшлар иштирокида йирик тадбиркорлик корхоналарига  бизнес саёҳатлар уюштириб, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишларида ўзига хос мотивация беришга ҳам эришмоқда. Ушбу мотивациялар натижасида 3 нафар тенгдошлари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишга эришган.

Қаҳрамонимизга “Фаоллигингиз сизга нима берди?” деган савол билан мурожаат қилдик. Унинг фикрларини сизга ҳам илиндик.

“Эл ишончи, юрт келажаги, ақлан теран, маънан етук бўлган ёшлар қўлида”,  дейди доно халқимиз. Бугун биз, ёшларга, кўплаб имкониятлар эшиги очилмоқда. Тинч ва мусаффо осмон остида эл-юрт равнақи йўлида порлоқ келажагимиз учун шахдам қадам ташламоқдамиз. Мен ҳам тенгдошларим қатори эзгу мақсадлар сари интилмоқдаман. Ҳозирги кунгача  юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси сифатида дилдаги ниятлар ҳамоҳанглигида бир қатор жамоат ташкилотларида фаолият юритмоқдаман. 

Бунинг учун истеъдодли тенгдошларим билан биргаликда сардорлар учун ўтказилган сайловда ғолиб чиқиб, “Туман сардори” бўлишим дебоча, руҳлантирувчи куч бўлди. “Ёш сиёсатчи”, “Йил сардори” каби кўрик-танловларда,  дебатларда иштирок этиб, фикрлаш қобилиятим чархланди. Шу билан бир қаторда, туман саломатлик ва экология марказида волонтёр – кўнгилли ёш сифатида олиб борган фаолиятим давомида турли акцияларда фаол иштирок этиб, фуқаровий позициямни намоён этиш имкониятига эга бўлдим.

Шундан сўнг сиёсий билимни ошириш, жамиятда ўз ўрнимни топиш мақсадида партиямизнинг “Адолат билимдони” республика кўрик-танловида иштирок этиб, фахрли ўринни қўлга киритдим. Сиёсий кенгаш томонидан ташкил этилган лойиҳа ва инновацион ишланмалар кўрик-танловида иштирок этиб, “Ёш журналистлар” клубини ташкил этиш ташаббусим билан лойиҳада ғолибликни қўлга киритдим. Бугунги кунда лойиҳамиз иштирокчилари ёш бўлишига қарамай, халқ ичидаги муамоларини ОАВ ларида ёритиб боришмоқда.

 Бугунги кунга қадар туман миқёсида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда партиямизнинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаолларимизи “Оила” илмий-амалий маркази, туман  “Марказий маданият уйи”, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”,  “Қизил ярим ой жамияти” “Пастдарғом ҳақиқати” газетаси билан ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқдамиз.  Ушбу вақт давомида  меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ёшлар билан “Меҳр – дунё устуни” шиори остида тадбирлар ташкил қилдик. Тарбияланувчи ёшларни билим ва кўникмаларини ошириб бориш, хорижий тилга бўлган қизиқишларини ошириш, айнан уйда таълим олувчи ёшларни маънавий руҳлантириш мақсадида Республикада илк бор бизнинг ташаббусимиз билан “Меҳр мактублари”, “Меҳрли қўнғироқлар” лойиҳаларини тақдим этиб, ташаббускор сифатида эътироф этилдим. Тарихсиз келажак йўқ, дейди доно халқимиз.  Буюкларни ёд этиш, уларнинг бой меросини ўрганиш биз, ёшларда, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишдек туйғуларни шаклантириш мақсадида “Мушоира” кечаларини ташкил этиб, тенгдошларимиз ўртасида китобхонликни тарғиб қилдик.

Фаоллигим менга нима берди? Энг аввало, Ватанга бўлган буюк муҳаббат, эртанги порлоқ келажакка ишонч,  мустақил фикрлаш малакасига эга бўлиш, одамлар олдида фикрини эркин  етказа олиш, шу билан биргаликда, менга катта руҳан куч бағишлайди!

Азиз тенгдошларим! Бугун биз “Юртим менга нима берди, деб эмас, мен юртимга нима бердим?” деган шиорни олға суриб яшайлик! Зероки, Ватан таянчи, эл ишончи биз ёшлар. Мен ҳам сиёсий кучнинг бир фаоли сифатида Сиз азиз тенгдошларимни фаоликка чорлаб қоламан! Биз бир жамоа бўлиб, бирлашиб, илдам қадам қўяр эканмиз, эл-юрт равнақи учун оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўша оламиз. Юртимиз мавқейини юксакларга кўтара оламиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+