ХАЛҚ ШОИРИ ЁДГА ОЛИНДИ

05.04.2021 16:04:56

Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла (1942-2006) - Давлат мукофоти нишондори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби. «Баҳор билан суҳбат» (1975), «Мулоқот» (1979), «Яна остонангда» (1982), «Эҳтиром» (1984), «Боғлар юртин боласимиз» (1988), «Тазарру», «Кўчамдан жонон ўтганда» (1992), «Косонсой карвонлари» (1993), «Учкўрғоннинг уч хирмони» (1996), «Рамазон муножоти» (1997), «Нур қадри» (1998), «Танланган асарлар» (2 жилдли, 2002) каби шеърий китоблари нашр этилган. Драма («Юсуф ва Зулайҳо», 1975) ва комедиялар ҳам ёзган («Рахмат, иғвогар», 1989).

Таниқли ижодкор ва жамоат арбоби  таваллуд топган кун ҳар йили мамлакат миқёсида, шунингдек, Наманган вилоятида кенг нишонланади. Маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида учрашувлар, давра суҳбатлари, мушоиралар ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу йилги апрель ойининг илк ҳафтасида ҳам шундай бўлди.

8-умумтаълим мактаби Наманган шаҳридаги шоир туғилиб ўсган “Марғилон” маҳалласида жойлашган. Таълим масканида Ҳабиб Саъдулла таваллуд топган кунга бағишлаб ўтказилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши вакиллари ҳам иштирок этдилар. Адабий кечани мактаб директори Баҳодир Абдурасулов очди ва олиб борди. Партиямиз вилоят Кенгашининг матбуот хизмати котиби, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Нурбек Абдуллаев таниқли ижодкор ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди.

– Ҳабиб Саъдулла нафақат менга, балки ўнлаб журналистлар, шоир ва ёзувчиларга устозлик қилган, - деди у. – У ёзган шеър ва достонлар, қисса ва драмалар замонавий ўзбек адабиётининг ҳазинасидан муносиб ўрин олган, деб бемалол айтиш мумкин. Ижодкор битган асарлар ҳам китобхонлар томонидан севиб ўқилиши бежиз эмас. Битган ғазаллари асосида тайёрланган қўшиқлар деярли ҳар куни радио ва телевидениеда янграб туради. Кўплаб шеърлари хорижий тилларга ҳам таржима қилинган.

Фахрий педагог Неъматжон Бобохонов сўзга чиқиб,  ижодкорнинг ҳаёти ва адабий фаолиятини шарҳлаб берди. Шоирнинг жамоат арбоби сифатида ҳам қизғин фаолият олиб борганлиги эсланди. Чиндан-да Ҳабиб Саъдулла Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида Наманган шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Шундан кейин мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. Унда ижодкорнинг шеърлари ва достонларидан парчалар, қўшиқлар янгради. Адабий кеча қатнашчилари Ҳабиб Саъдулланинг асарларидан ташкил топган китоблар кўргазмасини ҳам кўздан кечирдилар.

Акбаржон МАНСУРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган қилоят Кенгаши ходими

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+