Имкониятлардан фойдаланиш даври келди

02.03.2021 13:03:06

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46 сессиясида баланд минбардан туриб, ўзбек тилида нутқ сўзлади. Тарихий аҳамиятга молик ушбу нутқ биз ёшларни нафақат ғурурлантирди, балки мазкур Кенгаш олдида турган улкан масъулиятимизни оширди. Дарҳақиқат, Кенгашга аъзо бўлгунимизга қадар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилган, турли қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлса-да, мазкур халқаро ҳужжатга эҳтиёжимиз баланд эди. Зотан, инсон борлиқнинг  олий мавжудоти сифатида энг муҳим бўлган ҳақ-ҳуқуқларининг дахлсизлиги таъминланиши устувор аҳамиятга эга. Инсоннинг турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиниши, меҳнат қилиши, билим эгаллаши, ўз мулкига эркин эгалик қилиши каби шахсий ҳуқуқларининг муҳофаза этилиши фуқаролик жамияти қуришнинг асосий шартидир. Чунончи, ортга назар ташлайдиган бўлсак ўтган йиллар давомида бу ҳуқуқларнинг мустаҳкамланиши  борасида сезиларли амалий ишлар қилинди. Фуқаролар давлат органларига мурожаат қилганда турли бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилиши, қоғозбозлик, ортиқча ҳужжатларнинг талаб этилиши камаяётганлиги, яна бир муҳим ислоҳот: прописка масаласининг соддалаштирилиши, авваллари прописка талаб этиладиган хизматларнинг бекор этилиши каби амалий ишлар инсоннинг олий даражадаги ҳуқуқлари таъминланишининг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, аёллар ва болалар хақ-ҳуқуқлари борасида ҳам сезиларли ишлар ташкил қилиняпти. Бунинг натижасида ўқиш ва билим олиши бир ёқда қолиб кетиб мактаб давриданоқ пахта далаларига жалб этилган, бу жараён маълум маънода соғлигига ҳам муайян таъсир қилган болалар бугунги кунда фақат ва фақат ўқиш, изланиш, билим олиш билан машғул. Хотин-қизлар ҳимояси, ҳуқуқлари борасида яратилаётган шароитларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан етим қизлар, боқувчиси йўқ аёлларнинг таълим олишдаги контракт тўловларини маҳаллий хокимлик ҳамда олий ўқув юрти маъмурияти томонидан тўлаб берилиши тўғрисидаги қарор чин маънода инсонпарварликнинг олий кўриниши, десак янглишмаймиз. Ўтган йиллар давомида ижтимоий кам таъминланган хотин-қизлар учун олий ўқув юртларида қўшимча имтиёзли квоталар ажратилганини ҳам эътироф этиш керак. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги сиёсат ҳақиқий инсонпарварлик, фуқароларнинг азалий орзу-интилишлари ифодасидир. Хотин-қизларни нафақат ўқиш, балки иш билан таъминлаш, касб-ҳунар, тадбиркорликка ўргатиш борасида қилинаётган ижобий ўзгаришлар ҳам диққатга сазовор. Бу борада турли касб-ҳунарга ўқитиш мономарказлари тузилганлиги, тадбиркорлик учун имтиёзли шартлар асосида кредитлар берилиши бугун «ҳаракат қилсам албатта, натижага эришаман»,  деган фаол фуқароларимиз айниқса, қўл келмоқда. Жамоатчилик орасида эркин фикр юритиш шаклланаётганлиги, бунга имконият берилганлигининг ўзи ҳам инсон манфаатлари йўлида қилинган энг катта ташаббус. Умуман, ҳар бир жабҳада, ҳеч бир йўналиш эътиборсиз қолдирилмай халқ манфаати биринчи ўринга қўйилаётган ислоҳотлар бизни кўзлаган манзилимизга етказишига тўлиқ аминман. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг бу борада бизга ҳамкорлиги эса йўлимизни янада ёрқин қилади.

 

Муслимбек ТУРДИЕВ,

Юнусобод туман хокимининг

таҳлилий-назорат гуруҳи раҳбари,

«Адолат» СДП аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+