Ижтимоий ислоҳотлар имкониятлар эшигини очмоқда

19.05.2021 19:05:38

Мамлакатимизда барча соҳалар қаторида пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қарияларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини такомиллаштириш борасида ҳамда тизимда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу йўлда яқинда давлатимиз раҳбари томонидан “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги фикримизнинг яна бир давомчисидир. Ҳужжатнинг мазмун-моҳияти билан танишиб чиқар эканман, унда белгиланган мақсад-вазифалар, қулайликлардан, соҳага берилаётган имкониятлардан беҳад қувондим.

Бугунги кунга қадар тизим тегишли қарорлар асосида фаолият юритаётган бўлсада, бу жараёнда қатор ноқулайликлар ҳам мавжуд эди. Хусусан, фуқароларга давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжатларни талаб этилиши, шулар жумласидандир. Айниқса, уларни тақдим этишга масъул 14дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон маълумотлар мавжуд эмаслиги, мурожаатчининг оворагарчиликда қолиши, балки тизим ходимининг ҳам иш жараёнида кўп вақтни олар эди. Лўнда қилиб айтганда, қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиб, ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга ўтказиш, давр талабидир. Буни эса айни вақтидир, десам муболаға  бўлмайди.

Албатта, соҳада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг ўз мақсади, вазифаси бор. Бироқ, тобора янгиланиб, юксалиб бораётган Янги Ўзбекистонимизда кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларга қулайликлар яратилаётгани халқ манфаати йўлидаги сиёсатнинг яна бир исботидир, дейиш жоиздир. Агар рақамларга назар ташласак, пенсия олувчилар сони  2019 йилда 3 484800 нафарни, 2020 йилда 3 677700 нафарни, 2021 йил февраль ҳолатига 3 845462 нафар эканлигини кўришимиз мумкин. Шундан, жорий йилдаги кўрсаткичда 3 440699 нафарини пенсия олувчилар, 404763 нафарини нафақа олувчиларга ажратиш мумкин. Бунда 43%ни эркаклар, 57%ни аёллар ташкил қилмоқда. Албатта, рақамлардан айтиш мумкинки, йилдан-йилга мурожаатларнинг ошиб бораётгани ҳам, тизим фаолиятини такомиллаштириш баробарида соддалаштиришда муҳим турткидир. Шу ўринда қабул қилинган янги қарорнинг амалиётга жорий қилиниши катта қулайликлар эшигини очиши билан аҳамиятлидир, дейиш мумкин.

Мазкур қарор давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур электрон базани шакллантиришда, ҳужжатларни йиғиш жараёнини соддалаштиришда,  фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини такомиллаштиришда муҳим кўприк вазифасини бажаради. Ҳужжатда 2022 йилнинг 1 июлидан давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи каби қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор  қилиниши ва шахснинг фаолиятига доир маълумотлар Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш жорий қилиниши ҳам мурожаатчиларга катта қулайликларни яратади.

Қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш ҳамда ходимларнинг меҳнат самарадорлигини оширишда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими”ни ташкил этиш белгилаб берилди. Бу эса туман, шаҳар бўлимларининг қулай шароитга эга бўлган бино ва иншоотларда фаолият юритишига ва иш самарадорлигини ошишига замин яратади. 

 Шунингдек, қарорда пенсия тайинлашни фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор тартиблар ўрнатилиши белгилаб берилгани ҳам, соҳада катта янгилик дейиш мумкин. Хусусан, шу йилнинг 1 июнидан бошлаб, тегишли бандлар асосида пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр – 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади. Эндиликда, пенсия ҳисоблашда ва тайинлашда  фуқародан иш стажини тасдиқлайдиган архив маълумотлари ва идоралардан олинадиган фаолиятига оид ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Бир сўз билан айтганда, қарорда белгиланган бу каби қулайликлар аҳоли ортиқча сарсон бўлишининг олдини олишга, давлатдан розилик ҳиссини оширишга хизмат қилиб, халқимиз фаровонлигини янада ошириш ва кундалик ҳаётдаги муаммоларни ҳал этиш тизимини янги босқичга кўтаради.

 

Шохруҳбек НИЯЗБЕКОВ,

Пенсия жамғармаси Яккасарой

туман бўлими бошлиғи,

партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+