Конституциянинг ҳар бир нормаси халқ ва давлатнинг манфаатини ифодалаши лозим

05.08.2022 11:08:49

Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш учун давлат томонидан кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, Конституциявий ислоҳотлар ҳам бунинг ёрқин намунасидир.

Конституция ҳар доим давлатнинг ва халқнинг эътибори марказида туради. Сабаби, унинг ҳар бир нормаси халқ ва давлатнинг манфаатини ифодалайди ва унга хизмат қилади.

Замон шундай шиддат билан юксалиб ривожланиб бормоқдаки, халқнинг онги яшаш тарзи мутлақ янгича қиёфада акс этмоқда. Давлатнинг бошқарув шакли замонга мос равишда рақамлашиш тартибига ўтиб, хусусий секторларнинг ўрнини кучайтириб тадбиркорларга кенг ўрин бермоқда. Конституциянинг нормалари эса бунга мос ва ҳамоҳанг бўлиб бориши лозим. Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнларида Бош қомусимизни «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида такомиллаштириш давр талаби эканлиги барчага маълум.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ўзининг электорати, кўп минг сонли аъзолари билан ҳамфикрликда халқнинг фикр ва мақсадлари рўёбини Конституциянинг нормаларида акс эттиришни мақсад қилган. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан суд ҳокимиятининг мустақил бўлиши, қонунлар ва суд қарорларининг одиллигини таъминлаш, қонунларда инсон ҳуқуқлари устуворлигини белгилаш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратиш каби бир қатор йўналишлар ўрин олган. Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Конституциявий ислоҳотларда кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режага мувофиқ жорий йилнинг 31 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан 3860 та тадбир ўтказилди.

Бунда айниқса, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, вилоят ҳамда туман ва шаҳар Кенгаш ходимлари, «Аёллар қаноти», «Ёш адолатчилар» қаноти партиянинг фаол аъзолари билан биргаликда иш олиб борилди. Партия Марказий аппарати томонидан «Узстандарт» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар «Олима» аёллар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Ёшлар ишлари агентлиги,Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги «Ёшлар парламенти», Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этилиб, жами Конституцияга 4698 та таклифлар йиғиб олиниб, умумлаштирилди. Таклиф беришда 25000 дан ортиқ иштирокчи фаол иштирок этди. Конституцияга берилган таклифлар партия Марказий аппарати томонидан умумлаштирилиб, энг мақбул ва ўринли деб топилган таклифлар ОМҚПдаги фракциясига тақдим этилди.

Жумладан:

- Амалдаги Конституциянинг 4-моддаси биринчи қисмига кўра «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгиланган. Аммо шу кунга қадар давлат ва нодавлат идораларида иш ҳужжатлари тўлиқ ўзбек алифбосида олиб борилмайди. Таълим муассасаларининг барча турларида ўзбек алифбосида дарс ўтилиб, иш жараёнида келганда эса крилл алифбосида иш ҳужжатларини юритишга мажбур бўлмоқда.

Конституциянинг 4-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир деб белгиланган, лекин ҳужжатлар қайси тил ва алифбо бўйича олиб борилиши кўрсатилмаган. Амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам бу ўз аксини топмаган. Шу туфайли Конституциянинг 4-моддасининг биринчи қисмига «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳужжатлар ўзбек тили ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида олиб борилади. Халқаро қонун ҳужжатларда назарда тутилган нормалар бундан мустасно» деб белгиланиши таклиф этилган.

Бу эса ўзбек тили ва ўзбек алифбосини сақлаб қолиш ва унинг мавқиени кўтаришга асос бўлади. Шунингдек, Конституциянинг 21-моддаси биринчи қисмига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади» деб белгиланган унга қўшимча равишда «Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади ва фуқаролар Ўзбекистонлик деб аталади», деган норма қўшиш;

- Яна бир таклифлардан, Конституциянинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра, «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди.  Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади», дея белгиланган. Таклифда эса "айбланаётган" жумласи "гумонланаётган" жумласига ўзгартириш таклифи берилган. Яъни «Жиноят содир этганликда гумонланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди», деб белгиланиши керак. Мантиқан ўйлаб кўрадиган бўлсак ҳам, шахснинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди. Шу сабабли шахсга нисбатан айб аниқланганидан кейин суд томонидан айбдор деб топилади.

- Яна бир муҳим таклифлардан бири Конституциянинг 56-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади», дейилган, аммо бу ердаги жамоат бирлашмаларининг сиёсий партиялардан бошқа ҳеч бирини сиёсий кучи мавжуд эмас. Партияларни алоҳида моддада мавқеини сиёсий тарафдан кучайтириш керак. Жамоат бирлашмаларидан устунлигини белгилаш лозим.

- Амалдаги Конституциянинг 68-моддасида «Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборат», дея белгиланган, аммо амалда маҳалла тушунчаси мавжуд, бу эса Конституцияга киритилмасдан қолган. Таклифга кўра, Конституциянинг 68-моддасида «Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, маҳаллалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборат», деб қўшимча киритилиш лозим.

- Конституциянинг 40-моддасида «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга», деб белгиланган нормасини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини инобатга олган ҳолда «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга» шаклига ўзгартириш зарур.

- Конституциянинг 41-моддасига қўшимча равишда ўқитувчи мақоми тўғрисидаги бандни киритиш зарур. Унга кўра «Ўқитувчи-педагогларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқейи, ижтимоий ҳимояси давлат муҳофазасидадир, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, соғлиғига путур етказиш ва касбий-педагогик фаолиятига асоссиз равишда аралашиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши Ўқитувчи-педагог ходимлар шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлишлари белгилаб қўйилиши муҳим.
- Конституциянинг 63-моддаси 2-қисми «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», деб белгиланган. Конституциянинг 63-моддаси 2-қисмини «Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Бир хил жинсдагилар никоҳдан ўтишлари қатъиян тақиқланади ва жиноий жавобгарликка тортиладилар», деб белгиланиши каби бир қатор фикр ва таклифлар умумлаштирган ҳолда «Адолат» СДП фракцияси орқали Махсус комиссияга киритилди.

Партия ходимлари ва электорати, кўп минг сонли фаол аъзолари шу каби халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган халқчил ва ҳаётий ғоялар ва таклифлар орқали Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда ҳамда Ватанимиз тараққиёти йўлида фаол иштирок этиб келмоқда.

Миршод Қўлдошев,
«Адолат» СДП Марказий аппарат
бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+