Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби

24.06.2022 13:06:15

Хабарингиз бор, айни кунларда халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик ­­- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига замон талабларидан, фуқароларимиз истак ва хоҳишларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар юз бермоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида, Республикамиздаги турли вазирлик ва ташкилотларда, таълим муассасаларида фаоллар, ёшлар ва хотин қизлар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.

Бугун ҳам Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ташаббуси билан пойтахтимизда жойлашган Тошкент тиббиёт академиясида «Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позициясини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича шу кунга қадар берилган таклифлар таҳлилига бағишланган мазкур тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий, маҳаллий Кенгашлар ходимлари, Тошкент тиббиёт академиясининг профессор-ўқитувчилари, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаол ва ташаббускор ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Тошкент тиббиёт академияси ректори Шодмонов Алишер Қаюмович кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Раҳмонов Абдукамол Шодиевич кун тартибидаги асосий масала юзасидан сўз юритиб, давлатимиз ва жамиятимизда содир бўлаётган муҳим ўзгаришлар қаторида Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бориши зарурлиги ва шундагина Бош қомус халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида тўлақонли акс эттира олиши борасидаги фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» раиси ўринбосари, Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Йиғма ахборот-таҳлил ва назорат бўлими бошлиғи Акбаршох Тешабоевнинг «Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун» мавзусидаги маърузаси тингланди.

Ўзаро савол жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор таклифлар қизғин муҳокама қилинди.

 «Адолат» СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+