Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун

24.06.2022 17:06:42

Хабарингиз бор, айни кунларда халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига замон талабларидан, фуқароларимиз истак ва хоҳишларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар юз бермоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида, Республикамиздаги турли вазирлик ва ташкилотларда, таълим муассасаларида фаоллар, ёшлар ва хотин қизлар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ташаббуси   билан  Тошкент давлат техника университетида “Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун” мавзусидаги онлайн конференция ташкил этилди.

Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позициясини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича шу кунга қадар берилган таклифлар таҳлилига бағишланган мазкур тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий, маҳаллий Кенгашлар ходимлари, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаол ва ташаббускор ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этишди.

Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда ўзгариб бориши мақсадга мувофиқ эканлиги, қолаверса президентимизнинг бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида бераётган таклифларининг нечоғли катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапириб, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бораётган  конституциямиз халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида тўлақонли акс эттиради.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ОМҚП ҳузуридаги Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Республика Кенгаши раиси Муҳаммаджон Валиев “Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, тадбир давомида сўзга чиққанлар қаторида нутқ сўзлаган Тошкент давлат техника университети кафедра мудири Нишонова Нодира Раимжоновнанинг “Конституциявий ислоҳотлар - фаровон ҳаётимиз кафолати” ҳақида қилган маърузаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзаро савол жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор таклифлар қизғин муҳокама қилинди.

 

«Адолат» СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+