Мактабимизда таълим ислоҳотлари амалда

29.04.2021 16:04:05

Ўсиб келаётган  ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Ҳеч кимга сир эмас, таълим-тарбияни сифатли йўлга қўйиш ва ўқувчиларнинг узлуксиз таълим олишини таъминлаш мақсадида мактабларнинг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамланиб бормоқда. Таълимга қаратилаётган бундай эътибор самараси эса туманимиздаги 36-сон умумтаълим мактабида ҳам бўй кўрсатган.

   Бугунги кунда мактабимизда  олти юзга яқин ўқувчи таълим олади, уларга эса эллик нафар  малакали ўқитувчи турли фанлардан сабоқ бериб келаётир.

Таълим даргоҳимизда дарс жараёнларини интерфаол усулларда олиб бориш йўлга қўйилган бўлиб, бу  ўз навбатида  таълим жараёнида ўзининг ижобий натижаларини бераяпти.

Ҳозирда мактабимизда ўқувчилар учун турли фан ва спорт, касбга йўналтириш тўгараклари ўз фаолиятини йўлга қўйган. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мактабимиз ўқувчилари вилоят миқёсида бўлиб ўтадиган “Китоб-бебаҳо ҳазина” лойиҳасида махсус сертификатни олиб, беш юз минг сўм пул маблағи ва китоблар жамланмасини қўлга киритишди. Бундан ташқари, ўқувчиларимиз фан олимпиадалари  ва танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Масалан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар коррупциясиз жамият тарафдори”  мавзусидаги иншолар танловида, “Кенгуру” халқаро математика олимпиадасида, “Қўқон” олимпиадасида, онлайн тарзда ўтказиб келинаётган “Кун тести” лойиҳасида, шунингдек, “Масафовий математика” онлайн олипиадасида, “Clever kids”  кўрик-танловларида ўғил – қизларимиз доим фаолдир.

Кези келганда таъкидлаш ўринлики,  “Табиатни асрайлик” мавзусида ўтказилган расмлар танловида Марғиёна Худайберганова биринчи ўринни эгаллади. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” иншолар танловининг вилоят босқичида Моҳинисо Саъдуллаева биринчи ўринни қўлга киритди. Қувончбек Ибрагимов эса инглиз  тили фанидан “IELTS” халқаро сертификатини олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, Озодбек Мақсудов, Зокиржон Қурамбоев, Камолбек Сафарбоев, Достонбек Бекжоновлар курашнинг самбо тури бўйича вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллашди.

Бир сўз билан айтганда,  таълим соҳасига қаратилаётган эътибордан илҳомланган  мактабимиз жамоаси ушбу ўқув йилида ҳам улкан ютуқларга эришиб,  “Яшил мактаб”  рўйхатидаги ўрнимизни  сақлаб қолиш орқали, Ватанимиз корига ярайдиган ёшларни  шакллантириш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этмоқдамиз.  Зеро, таълимга эътибор - келажакка эътибор демакдир.

 

                                                                                                 Майсара ХУДАЙБЕРГАНОВА,
                                                                                   Боғот туман 36-сон мактаб директори,

                                                                                                              туман Кенгаши депути

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+