МДҲ парламентлараро ёшлар Ассамблеясининг навбатдаги йиғилишини ўзбекистонлик депутат олиб борди

22.05.2021 11:05:05

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлар парламентлараро Ассамблеясининг ўн олтинчи мажлиси Санкт-Петербург шаҳридаги Таврия саройида бўлиб ўтди.

Тадбирда МДҲга аъзо давлатлардан ёш депутатлар, шунингдек, ҳудудий ва маҳаллий даражадаги қонунчилик органлари вакиллари, ёшлар парламентлари, жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишни МДҲга аъзо давлатлар ёшлар парламентлараро Ассамблеясининг координатори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М.Валиев олиб борди.

Кун тартибининг асосий масалаларидан бири аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, мазкур соҳада самарали ҳуқуқий механизмни яратиш бўйича янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ёш депутатларнинг ролини ошириш мавзусига бағишланди. Ёшлар парламентлари делегациялари аъзолари Ҳамдўстлик мамлакатларида экологик маданият ва экологик маърифат соҳасида ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича тажриба алмашишди ҳамда ўз давлатларида амалга оширилаётган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ёшлар қонун ижодкорлиги ташаббуслари ва жамоат лойиҳалари юзасидан ахборотлар тингланди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар МДҲ парламентлараро Ассамблеясининг 30 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ташкилотнинг 2022 йилдаги фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилишди.

Шунингдек, 2022 йилда МДҲга аъзо давлатлар парламентлараро “Ёшлар форуми”ни ўтказиш режалаштирилди. Навбатдаги “Ёшлар форуми” “Ёшлар парламентлари аъзолари – Ҳамдўстлик келажагининг истиқболлари” мавзуси доирасида ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари йиғилишда, МДҲ давлатларида иқтидорли болалар ва ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги концепция лойиҳаси муҳокама этилди. Маърузачилар томонидан ёшларга бўлган эътибор эртанги кун учун замин яратиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда МДҲ ёшлар парламентлараро Ассамблеяси томонидан таъсис этилган, “Халқаро ёшлар ҳамкорлигига қўшган ҳиссаси учун” унвони билан мукофотлаш таклифи кўриб чиқилди. Унвон билан мукофотлашга Россия ёшлар ва болалар бирлашмалари миллий кенгаши раиси Г.В. Петушков ва МДҲ ёшлар парламентлараро Ассамблеясининг собиқ координатори, Тожикистон Республикаси вакили К.А.Миралиён номзодлари кўриб чиқилди ва ушбу таклиф бир овоздан маъқулланди.

Йиғилиш иштирокчилари яқин истиқболда икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда ёш депутатларнинг ролини ошириш бўйича самарали таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилишди, тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+