Муаммодан қочмай, ечимини топайлик

11.09.2020 17:09:31

 

Андижонлик фаол ёшлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон тумани кенгаши аъзоси Олимбек Турсуновнинг Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламентига аъзо бўлиши уни янада фаолликка бошлади. Тенгдошларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги ғоялар учун курашиш ва муаммолар ечимига йўл топиш доимий ишига айланди. Жуда қисқа вақтда кўпчиликнинг ишончини қозона олди, десак муболаға бўлмайди.

Олимжон Турсунов:

-Бугунги кунда Республикамизда Президентимиз Шавкат  Мирзиёев ташаббуси билан ёшларга оид давлат сиёсатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар парламентининг тузилиши бу борада катта қадам бўлди, - дейди О.Турсунов, - Бизнинг олдимизда  бу жараёнда ўзимизнинг ташаббус ва янги ғояларимиз билан фаол иштирок этиш баробарида Юртбошимизга қанот бўлишдек масъулиятли вазифа турибди. Шахсан мен учун бу катта ишонч.

Яна унга қулоқ тутамиз. «Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ҳақида мулоҳазалар:

- Ўзбекистонлик ёшлар сиёсат, “сиёсий имиж” борасида анча дадиллашди. Иқтидорли йигит-қизларни  чет эл саҳналарида кўп кўриш, улар билдираётган фикрларни намуна сифатида олиниши янгилик эмас. Бу одатий ҳолга айланди. Бундан 3 йил муқаддам давлатимиз раҳбари БМТ минбарида “Бутун жаҳон ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида“ Конвенция ишлаб чиқиш замон талаби эканлигини айтиб, таклиф билдирган эди. Бугунги кунда деярли барча мамлакат бу таклифни қўллаб-қувватламоқда. Таклиф негизида эса Самарқандда 12 - 13 август кунлари ️«Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бўлиб ўтди.

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Форум иштирокчиларига табриги Сенат раиси Т. К. Норбоева томонидан ўқиб эшиттирилди. Хўш, аслида, бизга Конвенция керакми? Албатта, бутун дунёга керак. Аҳолисининг 60  фоизини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон ёки қарийб 2 миллиарддан ортиқ ёшлар ташкил этадиган дунё мамлакатлариёшлар ҳуқуқларини бирлашиб ҳимоя қилишар экан, янги дунё ва янги ислоҳотлар учун кафолатланган келажак берилган бўлади. Бугунги долзарб муаммолар ечими эртанги келажагимиз учун муҳим ахамият касб этади.

Олимжон Турсуновнинг қоидаси “Тенгдошнинг тенгдошга кўмаги” шиори остида биринчи навбатда уюшмаган ёшлар орасига кириб бориб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш. Айни шу мақсадда август ойида унинг ташаббуси билан Андижон тумани “Бешбўйноқ“ МФЙда “Ёшлар жамоатчилик кенгаши” тузилди. Маҳаллада ўтказилган биринчи суҳбатда кўтарилган 10 га яқин муаммонинг ечимини топишга киришилди. Шифохонада имтиёзли равишда даволаниш учун йўлланма, ишга жойлашиш ва болалар нафақа пули билан боғлиқ муаммолар. Барчасини ҳал этиш мумкин. Шундай қилинди ҳам.

Жамоатчилик Кенгашининг вазифаси аслида шу. Маҳалладаги муаммолардан қочиб эмас, балки янада очиқ ҳолатда кўтариб чиқиб, ечиш учун имкон излаш. Кенгаш таркибида ёш тадбиркор, ёш ўқитувчи, ёш деҳқон, бандлиги таъминланмаган ёшлар бор.   

Ёшларни эшита билиш керак. Ёш сафдошимиз бошчилигидаги Кенгаш аъзолари Андижон туманидаги 77 та маҳаллага дадил қадамлар билан кириб боришида айни  шу мақсад илгари сурилмоқда.

Олимжон Турсунов:

-Партия сафидаги фаол ёшлар билан биргаликда маҳаллаларга кириб боряпмиз. Биз қанчалик катта кучга айлансак, олдимизга қўйилаётган вазифаларни бажаришимиз осон бўлади. Айниқса, жиноятчиликларнинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва бандик масаласида ҳар бир оилага кириб боришга имкон туғилади.

Яқинда  “Фейсбук” ижтимоий тармоғи  орқали Олимбек Турсуновга Андижон давлат университети талабаси Н.Т. оилавий шароити оғирлиги, пандемия вақтида оилавий жамғармасидан айрилганини билдириб, Президентимиз томонидан ажратилган бир марталик ёрдам пулини олишда турли хил тўсқинликларга учраётганлигини айтди. Хатто  “Темир дафтар”га киритилмаганлигини маълум қилади.

Фуқаро Н.Т. Балиқчи тумани “Тўда” МФЙда истиқомат қилади. Мазкур масала юзасидан Балиқчи туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимига мурожаат қилинди. Мурожаат якуни бўйича мазкур оила “Темир дафтар”га киритилиб, бу масала ижобий ечимини топди.

Юқоридагилар Ёшлар парламенти аъзоси Олимжон Турсунов хақида ҳозирча билганларимиз. Олдинда эса уни катта ишлар кутмоқда.

 

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти

 Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+