Муносиблар “Зулфиячи” бўлсин!

11.03.2021 16:03:06

Шоира Зулфияни ҳар гал ёд айлаганимизда кўз ўнгимизда ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси, дилбар шеърлари ила вафо, садоқат, гўзалликни тараннум қилган инсон гавдаланади.

Адабиётимизга қўшган ана шундай хизматлари учун шоира номига давлат мукофоти жорий қилинганидан хабарингиз бор.

Мазкур давлат мукофотини олган қизлар ҳам ҳар жабхада фаол, тиришқоқ, билимли, ташаббускор ёшлар эканига гувоҳ бўляпмиз.

Аммо охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеалар юз бераётгани ва бу ҳолат Зулфия онамиздек улуғ сиймо номига доғ тушираётгани ачинарли ҳолат.

Яқинда бир хабарни ўқиб ёқамни ушладим, очиғи. Унда бир пайтлар Зулфия мукофотини олган спортчи қизнинг аянчли мудҳиш жиноятга шерик бўлганини ўқиб юрагим ачишди.

Нега? Нима учун бундай ҳолатлар содир бўлмоқда? Зулфия ким у, бу  жиноятни қилган қиз ким?

Бу хабарни ўқиган халқ кўз олдида шоира Зулфияга нисбатан нотўғри қараш шаклланиб қолмайдими?

Фикримча, аслида Зулфия мукофоти фақат адабиётчиларнинг мукофоти бўлиши керак. Зулфия онамиз бизга ўзидан адабиётни, шеъриятни мерос қилиб кетмаганмидилар?!

Шу боис таклифим: адабиётни спортга аралаштирманглар. Мукофотини ҳам бўлак қилинг. Масалан, спортчиларга «Тўмарис» мукофотини жорий қилиш мумкин. Зеро, ўтмишда Тўмарис жангу жадалларда чиниққан, жангари малика бўлгани ҳақиқатдир.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+