Педиатрия институтида меҳнат ярмаркаси ўтказилди

31.03.2022 10:03:32

Тошкент Педиатрия Тиббиёт институтида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда «Талабалар ярмаркаси – талабалар учун танлов имконияти» номли талабалар меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Мазкур меҳнат ярмаркасига Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 30 дан зиёд – Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва унинг клиникаси, 7-сон шаҳар клиник шифохонаси, 1-сон болалар шаҳар клиник шифохонаси, 8 та оилавий ва 1 та марказий кўр тармоқли поликлиникалар, шаҳар нефрология шифохонаси, хусусий дорихона ва клиникалар, илмий грантлар эгаси бўлган иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар жалб этилган бўлиб, тадбирда иштирок этаётган корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд бўлган 300 га яқин бўш (вакант) иш ўринлари ва корхона фаолияти тўғрисидаги тарқатма материаллар билан иштирок этдилар.

Ярмаркада 300 дан ортиқ институтнинг ишлашга эҳтиёжи бор талаба-ёшлари иштирок этди. Улар ўзларига мос бўлган иш ўринлари билан танишдилар.

Натижада, ўзларига мақбул келадиган иш қидириб, келгусида ўз касблари ва мутахассисликлари бўйича маълум бир иш ўрнига эга бўлиш мақсадида меҳнат ярмаркасида иштирок этган ишлашга эҳтиёжи бор ва банд бўлмаган 100 дан зиёд талабаларга иш берувчилар томонидан вакансиялар таклиф этилди, ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди ва тиббиёт муассасалари билан шартномалар тузилди.

Бундан ташқари, қолган 200 га яқин меҳнат ярмаркасида иштирок этган талаба-ёшларга касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари, жамоат ишларига қатнашиш ишлари тўғрисида тегишли маълумотлар ва меъёрий ҳужжатлар бўйича тушунтириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу каби ярмаркаларнинг давомли ташкил этилиши, ишга эҳтиёжи бор бўлган талаба-ёшлар учун ўзларига муносиб иш ўрни топишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Хасанходжа АБИДОВ,

Ёшлар парламенти аъзоси.

“Адолат” СДП Ёшлар қаноти фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+