Президент асарлари билимдони аниқланди

11.03.2021 20:03:45

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар  Кенгаши томонидан Қашқадарё юридик техникуми  тадбиргоҳида “Президент асарлари билимдони” кўрик танлови  бўлиб ўтди.  Танловда техникум талабалари ва Ёшлар Иттифоқи вакиллари қатнашди.

Маънавий-маърифий йўналишда уюштирилган танловда талабалар давлатимиз раҳбарининг “Эркин ва фаровон,  демократик Ўзбекистон давлатини  биргаликда барпо этамиз” асари мазмун моҳияти ҳақида нечоғли чуқур билимга эга эга эканликларини ҳар томонлама намойиш эта олдилар. Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг ўтган йиллари  давомида босиб ўтилган шонли йўл, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замондошларимизнинг кенг қамровли бунёдкорлик фаолияти, ўлкамиздаги тинчлик, осойишталик ва барқарорлик ҳақида самимий фикрлар билдирилди. Талабалар ўртасида баҳс-мунозара бошланди. Тушган саволларга  ўзининг ўткир зеҳни, қобилияти, топқирлиги ва нутқ маданияти, билимдонлиги  билан техникум талабаси Мухлиса Неъматова кўрик-танлов  ғолиби деб эътироф этилди.

-Биз ёшлар   муҳтарам Президентимиз  томонидан  “Ёшлар-келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан жуда ҳам мамнунмиз,-дейди Мухлиса Неъматова.-Бу ғамхўрликларга жавобан биз ёшлар ҳам жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровон келажагини таъминлашга ўз ҳиссамизни албатта қўшамиз.

Кўрик-танловда  талабалар, ўқитувчилар, ота-оналар   ва партия фаоллари  ҳам  сўзга чиқиб, ўз дил сўзларини, шукроналик туйғуларини чин дилдан изҳор этдилар.

Қизиқарли тарзда бўлиб ўтган  танловда   талабалар томонидан тайёрланган турли  саҳна чиқишлари, ашула ва рақслар  ўзгача  файз бағишлади.

Дарвоқе, шу куни тадбир ниҳоясида  техникум ўқитувчилари ва “Пахтазор”  “Чўлқувар”  МФЙ  аъзоларидан  иборат  28 нафар   юртдошларимиз ўз ихтиёрлари билан  “Адолат” СДПга аъзо бўлдилар.

“Пахтазор”  МФЙда партиянинг бошланғич бўғини таркиб топди.  

Кўрик-танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирок этган ёшлар  Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  ҳамда ҳомий ташкилотларнинг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

                                                                   Адҳам  САЙНИЯЗОВ,

                                                   Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Қарши шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+