Шеър - бир неъмат

07.04.2022 16:04:35

Огаҳий «Тавиз-ул ошиқин» девони дебочасида шеър ва ижод ҳақида «Шеър бир неъмати ўзамодурким, тангри таоло они ҳар кишига ато қилмомишдир ва уни айтмоқ ҳунари ҳар кимнинг қўлидан келмомишдир» – деган эди. Ушбу мухтасар фикрда шоир чуқур маънони ифодалаган. Юқорида келтирилган икки мисрада Огаҳий шеър ёзиш, ижод Аллоҳ томонидан инсонга берилган энг илоҳий, улуғ мўъжизалардан бўлиб, ушбу неъмат ҳар кимга ҳам берилмаганлиги, ижод қилиш қанчалар мўъжизакор  жараён, Худо ёқтирган истеъдод эканлигини таъкидлайди.

Ана шундай истеъдод билан неъматланган Огаҳийнинг «Жамолинг жилваси» китобидан ўрин олган "Жоми Жамға илтифотим бўлмаса” мисралари билан бошланувчи ғазалининг бадиий таҳлилини амалга оширишга ҳаракат қилдик.

 

 Жоми Жамға илтифотим бўлмаса, йўқ айбким,

Косайи базми висоли соғари Жамдур манга.

Жоми Жам – мумтоз форс адабиётидан кирган «Жамшид жоми»дир ва у комил инсоннинг қалбини ифодалайди. Жамшиднинг косаси инсоннинг қалби каби бўлиб, унинг ичидаги май инсоннинг туйғуларига қиёсдир. Ушбу байтда Огаҳий ошиқ йигитнинг комилликка интилмаслигини асло айб эмаслигини, унинг учун ёрни бир бор кўриш, унинг висолига етишиш, Жамшиднинг қадаҳидаги майдек қалбни қониқтиришини таъкидлаган. Байтда Огаҳий усталик билан талмеҳ ва таносиб санъатларидан фойдаланган. талмеҳ адабиётда тарихга назар қилиш бўлиб, Жоми Жам қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи Жамшид «Жоми жаҳоннамо» – жаҳонни  кўрсатувчи жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келжакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этади. Май қадаҳи ва комил унсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан Жамшид жомига нисбат берадилар. Жамшид жомидаги май ичган билан сира тугамас эмиш. Байтдаги таносиб санъати бир-бирига яқин маʼноли сўзларнинг ишлатилиши бўлиб, «Косайи», «базми» – сўзлари таносиб санъати намунаси ҳисобланади.

 Истибон жаннатниким, ул гул баҳори ҳуснидин,

Базми ишрат гулшани сарсабзу хуррамдур манга.

 Огаҳий ушбу байтида ёрнинг юзидан, гўзал ҳуснидан жаннатни излашини, яъни унинг юзини жаннат мисол гўзаллигини ифодалаган. Иккинчи мисрада шоир жаннат юзли ёри билан хурсандчилик қилиш унинг учун, шод-хуррамлик, бахтиёрликни англатишини таъкидлаган.

Байтда Огаҳий мумтоз шеъриятнинг таносиб санъатидан фойдаланган. Ушбу байтдаги «гул», «баҳор», «гулшан» сўзлари таносиб санъатининг намунаси ҳисобланади.

 Сарбаланд ўлсам , ажаб эрмас , бани одам аро-

Ким, муайян ул сарафрўз насли одамдур манга.

 Яратилган махлуқотлар аро энг улуғи инсон ҳисобланади, шу сабабда ушбу байтида Огаҳий инсонни улуғлаб,ана шу улуғланган инсонлар орасида ҳам бошининг баланд бўлиши ажаб эмаслигини умид қилган.

 Эй фалак, ҳар кун манга арз этма хуршидинг ким,

Ул қуёшнинг меҳри афзунроқ дамодамдур манга.

 Ушбу байтда Огаҳий осмонга мурожаат этмоқда. Осмонинг қуёши билан мақтанмаслигини, зеро унинг ёри ҳам қуёш кабилигини, ёрининг меҳрини қуёшнинг ёрқин нуридан афзаллигини тасвирлаган. Байтда Огаҳий ёрининг қуёшга қиёслаб ташбеҳ санъатидан фойдаланган. Мисрадаги фалак, қуёш сўзларининг қатнашиши эса таносиб санъатидир.

 Чун манга лутф айлаб ул марғуби олам бўлди дўст,

Барча олам аҳли душман бўлса, не ғамдур манго!

 Ушбу байтда Огаҳий ёрнинг бутун оламнинг севимлиси эканлигини, шу бутун оламнинг севимлиси бўлган ёрининг у учун дўст бўлиши ошиқ учун бутун инсониятнинг душманлигидан унга ғам-қайғу етмаслигини тасвирлаган.

 Огаҳий, ул ой қилибму илтимосимни қабул,

Ё мутеъи ҳукми жумла аҳли оламдур манго.

 Байтда Огаҳий ёрини унинг илтимосини қабул қилишига бўлган умидини ёки унинг Биргина сўзига  интизорлик унинг учун бутун олам қувончига тенг эканлигини ифодалаган.

Огаҳийнинг ушбу ғазалида ишқни икки хил талқин этиш мумкин – илоҳий ишқ ва инсоний ишқ. Ёр деганда биз ошиқ йигитнинг суюкли ёрини ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатни ҳам тушунишимиз мумкин. Огаҳий буюк истеъдод соҳиби, ғазалнавис шоир.Унинг ғазалларидаги сўзларнинг чуқур маънолари ёш авлоднинг дунёқарашини ривожлантиришга, мафкурасини янада сайқаллашга хизмат қилади.

Сарвиноз АКРОМОВА,

Тошкент давлат Шарқшунослик университети талабаси,

"Ёшлар қаноти" фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+