Тадбиркорлик сари ёшлар учун нурли манзиллар

05.03.2021 18:03:30

Шу кунларда Термиз туманида омилкор деҳқонлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси полизчи деҳқон ёшлар сафини кенгайтириши баробарида туман ёшларининг иш билан бандлигини таъминлашда янги даврни бошлаб берди.  Шу боис, бу ҳудуд полиз, мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда вилоятдагина эмас, мамлакатимизда ҳам муносиб ўринга эга. Айниқса, бу ерларда плёнка остида эртаги тарвуз етиштириш борасида ўзига хос тажриба мавжуд. Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари, туман мутасадди ташкилотлари  кўмагида ҳар бир ёшга – 1 гектардан ер майдони лойиҳаси доирасида экин экиш ишлари бошлаб юборилди. Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад топишларида кўмаклашиш, қолаверса вилоят миқёсида қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида,  майдонлардан «Ҳар бир ёшга бир гектар ер» лойиҳаси доирасида ер ажратиб берилди.

Айни баҳорнинг илиқ кунларида Термиз туманида ҳам ёшлар ўз имкониятини қишлоқ хўжалик соҳасида синаб кўриши учун 80 нафар ёшларга  туман фермер хўжаликлари  майдонларидан ер ажратиб берилди. Экин экиш ишлари бошлаб юборилди. Ёшларга бириктириб қўйилган кооперация ва кластер ёрдамида ерлар шудгор қилинган ҳолда ер майдонларига сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари қадалди, 235 минг туп мевали ва 35 минг туп манзарали дарахтлар экилди. Мисол учун, бугунги кунда туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган 1.5  мингга яқин ишсиз ёшлар бор.  “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида ажратиб берилаётган ерлар уларга имконият эшикларини очди. Мазкур лойиҳа асосида ўтган йилдан буён  550 га яқин ёшларнинг ҳар бирига ўртача 21 сотихдан жами 500 гектар экин ер майдони ажратилиб берилди. Ҳозирда жойларда иссиқхоналар ташкил этилиб, барча ерларга турли хил сабзавот экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда. 

Шуҳрат Хаитов, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати:

- Албатта, устувор ислоҳотлар,  саъй-ҳаракатлар замирида ҳукуматимиз томонидан ҳар қандай вазиятда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш ва шу билан юртдошларимиз турмуш тарзини ва фаровонлигини янада ошириш сингари мақсадлар ётибди.  Президентимиз бошчилигида бу борада амалий ишлар тизимли равишда давом этяпти. Бу эса истиқболда  иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш сингари долзарб масалалар ҳам ҳал этилиши кўзда тутилаётганидан дарак беради.

 

Жуманазар Чориев,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Термиз туман “Ёш адолатчилар қаноти”Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+