Таклиф ва мулоҳазалар қоғозда қолиб кетмайди, уларни ёшлар ҳаётига олиб кирамиз

18.08.2020 15:08:45

Cамарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ёшлар – 2020: глобал  бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” форумида илк бора иштирок этганимдан жуда ҳаяжонландим.

Форумда 15дан зиёд мамлакатларнинг 50 нафардан ортиқ маърузачилари, халқаро ташкилот вакиллари,  шунингдек,  яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти”нинг 250 нафар аъзолари ҳам фаол қатнашдилар. Уларнинг сафида мен ҳам борлигимдан фахрландим. Жаҳон давлатлари  ва нуфузли халқаро ташкилотлар нигоҳи қаратилган  шундай йирик форум аввало бизнинг давлатимизда бўлиб ўтаётганлигининг ўзи жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузимизни ошириб, мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳавас қилгулик эканлигини намоён этади.  Унда муҳокама этилган масалаларнинг бош ғояси бизнинг президентимиз томонидан илгари сурилгани эса кишини янада қувонтиради.  Бу орқали мамлакатимиз жаҳонда  бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар, ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатларига  беэътибор эмаслиги, аксинча  унда бевосита иштирок этиб, янги таклиф ва ташаббусларни илгари сура олишини исботлади. Ҳатто  форумда иштирок этган  халқаро ташкилот вакиллари  ҳам ўз чиқишларида бу жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.  

Форумда муҳокама этилган ҳар бир масала дунёдаги ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд халқаро ҳуқуқий воситалар ва механизмларни, барқарор ривожланиш мақсадларини  амалга оширишда, ҳуқуқларини таъминлашда келажак бунёдкорларининг асосий муаммоларини аниқлаш, уларнинг саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар  берилди. Энг асосийси форум якунида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори элчи Жон Макгрегорнинг “Бугунги форумда илгари сурилган таклиф вва мулоҳазаларни биз амалда тадбиқ эта олсак, ана шунда улкан натижага эришган бўламиз”деган сўзлари барчамизни билдирилган ишончга муносиб бўлиш ва вазифаларни сидқидилдан адо этишга ундади.

Дарҳақиқат, қийинчилик ва машаққатлардан қўрқмай, тинимсиз излансак,  таклиф ва мулоҳазалар  қоғозда қолиб кетмайди,  ёшлар ҳаётига олиб кириб,  кўзлаган мақсадимизга етамиз!

Ҳамидулло ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+