Вобкентда Конституция билимдони аниқланди

16.11.2021 13:11:43

Ёшларнинг сиёсий билимлари ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, бу борада уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар орасида миллий қонунчилигимиздаги янгиликларни кенг тарғиб этиб бориш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишлари ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишлари учун имкониятлар яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Ана шу мақсадда ҳозирда республикамиз бўйлаб жойларда “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Кўрик-танловнинг навбатдагиси партия Вобкент туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 20-умумтаълим мактабининг фаоллар залида ташкил этилди.  Унда туман мактабларидан 11-синф ўқувчилари иштирок этдилар.

Танлов белгиланган низом асосида 3-босқичда ўтказилди. Кўрик-танловда ўқувчилар партиялар тўғрисидаги, таълим йўналишидаги, конституцияга оид билимлари, саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятларини синовдан ўтказдилар. Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан баҳолаб бордилар.

Кўрик-танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Шунингдек, тадбирда ўқувчилар томонидан тайёрланган турли хил чиқишлар, конституциямизда белгиланган  ҳар бир миллат ва элат вакилларининг қонун олдида тенглигини саҳна кўринишлар, рақс ҳамда мусиқа чолғулари орқали намойиш этдилар.

Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди.

Натижага кўра, энг юқори кўрсаткични туманнинг 20-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Сарвиноз Тўраева 75 балл билан биринчиликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди. Ғолибга партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ташкил этилган кўрик-танлов ўқувчиларнинг билимларини янада ошириб олишларига хизмат қилди.

 

Маҳбуба Юнусова

“Адолат” СДП Вобкент туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+