Янгидан янги ғалабалар янада юксак марралар сари ундайди

10.08.2021 11:08:37

Куни кеча Япониянинг Токио шаҳрида ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида жонажон Ватанимиз – Ўзбекистоннинг шону шуҳратини оламга тараннум этган спортчиларимиз катта ютуқлар билан юртимизга қайтиб келишди.

Дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамасдан Токио олимпиадасида спортчиларимизнинг матонат кўрсатганликларини алоҳида таъкидлаш зарур.   

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон спорт тарихида 19 ёшли спортчимиз Улуғбек Рашитов Токио олимпиадасида мамлакатимизга олтин медаль тақдим этган илк спортчига айланди. Унинг ёрқин ғалабаси туфайли жаҳон спорт саҳнасида мадҳиямиз янгради.

Дзюдочимиз Давлат Бобонов ва эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмоновнинг олимпия ўйинларидаги шиддатли ва мураккаб курашлар натижасида бронза медали соҳиблари бўлиши ва ниҳоят алпомишлар авлоди Баҳодир Жалолов  “Токио-2020”нинг сўнгги кунида 32-олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиши халқимиз ғурурини юксалтириб юборди.

Олимпиаданинг сўнгги кунида бокс бўйича супер оғир вазнда (+91) ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов олтин медаль учун америкалик Ричард Торрезга қарши рингга кўтарилди ва Ўзбекистонга учинчи олтин медални тақдим этди. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мазкур спорт тури бўйича тенгсиз эканини  яна бир бор кўрсатди. Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бирор мусобақадан медалсиз қайтмаган “Ўзбек йўлбарслари” мазкур Олимпия ўйинларидаги ғалабалари билан ҳам халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади.

Ҳа, Баҳодир Сурхондарёнинг фахри, ғурури. Сурхон кенгликларида туғилиб, камол топган, Ватанимизни дунёга танитиб келаётган, маҳорати билан мамлакатимиз ва дунё шоҳсупаларида байроғимизни баланд кўтариб, мадҳиямизни янгратаётган, ўзбек халқининг довруғини бутун дунёга таратаётган спортчиларимиз бисёр. Кураш бўйича Абдулла Тангриев, Санжар Тўхташев, Давлат Чориев, Суҳроб Турсунов ва шулар қаторида бокс ринги қироли Баҳодир Жалоловнинг номи ҳам зарҳал ҳарфлар билан тарих зарқарақларига битилди.

Баҳодир Жалоловни сурхонликлар «Алпомишнинг жияни» дейишса, бокс мухлислари ва чармқўлқоп соҳиблари «Осиё йўлбарси» номи билан аташади. Баҳодир тоғли Сариосиёда туғилган. Унинг профессионал боксдаги натижалари юртимизга шуҳрат келтирмоқда. Ортидан минглаб ёшларни эргаштириб, уларнинг қалбида ҳам ғурур ва ҳавас, фахр-ифтихор уйғотмоқда.

Сариосиё тумани. Баҳодир Жалолов таълим олган тумандаги  45-сонли умумтаълим мактаби шундоққина катта йўл ёқасида жойлашган. Бу илм даргоҳида ўз вақтида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири устоз Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Қорақалпоғистон Республикаси шоири Бахтиёр Генжамурод сингари шоир ёзувчилар суҳбатидан ёшлар баҳраманд бўлган. Ёшларга ватанпарварлик, миллатпарварлик илмидан дарс бериб, мутолаа маданиятини шакллантириш, ўқиш, изланиш кераклигини уқтиришган. Ўқувчи-ёшлар устоз адибларимизни кўриб, улардек инсон бўлишга интилишган.

Олимпия ўйинларида Баҳодир Жалолов билан бир сафда юртимиз баҳодирларининг  барча рақибларни ортда қолдириб,  биринчи ўринларни қўлга киритгани таҳсинга сазовор. Спортчиларимизнинг қўлга киритаётган натижалари уларнинг ғалабага бўлган кучли иродасида акс этади. Шу маънода,спортчиларимизнинг  эришган ютуқлари катта маҳорат ва меҳнат орқали бўлганлигини спорт саҳналарида бутун дунё томоша қилди.

Биз жасур ўғлонларнинг шов-шувли ғалабалари  беҳад шод бўлдик. Бундай эътибор ва эътироф қозониш — шараф. Мазкур ғалабалардан руҳландик, қалбимиз, шууримиз ғурурга тўлди, таассуротларимизнинг чеки чегараси йўқ. Таҳсинларга сазовор Токио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида  Ватанимиз байроғини  баланд кўтарган, унинг шон-шуҳратини оширишда ҳисса қўшган йигит-қизларга кейинги жаҳон спорт саҳналарида янгидан-янги ғалабалар тилаймиз! Ишонамизки, халқимизнинг ишончи ва далдаси ёшларни янада юксак марраларни забт этишга ундайди.

 

Сардор Очилов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят  Ёшлар қаноти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+