“Ёш адолатчилар” янги раис ва янгиланган таркиб билан иш бошлади

18.11.2020 14:11:15

“Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти Республика Кенгашининг IV ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилади.

Конференцияда “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашининг 5 йиллик фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилади ва амалга оширилган ишларга баҳо берилади.

Ёшлар дунё ҳамжамиятининг муҳим миллий бойлигидир. Замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, ўз юрти манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи барча учун принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бугун жаҳондаги барча сиёсий ва иқтисодий муаммолар ечими бевосита ёшлар билан боғлиқ бўлмоқда. Барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш мақсадлари учун зарур бўлган асосий инсон капитали бўлиб қолмоқда. Жумладан, ривожланган давлатларда ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари ёшлардир. Ҳақиқатан ҳам, том маънодаги инклюзив жамият ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиёт жараёнларида иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиши лозим.

Ёшларимиз ҳақиқий маънода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳам суянчи ва таянчига айланган. Бугун партиямизнинг умумий аъзолари сони 458 мингдан ортиқни ташкил этаётган бўлса, шундан 42%  ни, яъни 192  минг нафарга яқинини айнан ёшлар ташкил этади.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 24 та депутатдан  4 нафари ёш депутатлар сафига киради. 

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 67 нафари ёшлар ташкил этади.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши томонидан ўтган 2015-2020 йиллар мабойнида 10 920 дан ортиқ тадбирлар ўтказилган бўлса,  586 мингдан ортиқ ёшлар иштироки таъминланди.

Ўтган 5 йил давомида ёшлар муамолари юзасидан маҳаллий Кенгашлар сессияларига 111 та масала киритилиши эришилган. Ёшларни иш билан таъминлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Партия кўмаги билан ишсиз ёшларнинг 3360 нафари ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 1179 нафар ёшларга кредит маблағлари олиб берилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан анъанавий тарзда ўтказилиши йўлга қўйилган “Бор меҳримиз сенга, болажон” донорлик акцияси ҳам партиянинг халқ орасидаги оширишга хизмат қилмоқда.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши келгуси 5 йилликда ҳам ўз фаолиятини самарали тарзда ташкиллаштириш ниятида. Келгуси беш йилликдаги фаолиятларини партия сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган ҳаракатлар дастури доирасида олиб боради. “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” шиори остида ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этиш, “Истеъдодли ёшлар” форумини ташкил этиш, “Адолат ёшлари кўмакда” шиори остида акция ўтказиш муҳим вазифалар ва бошқа бир қатор ўта муҳим бўлган вазифалар келгуси 5 йилликка мўлжалланган. 

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастури” тўғрисида маъруза тингланди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Партиямиз ҳам уларни катта куч деб билади. Шундай экан, навқирон авлод вакиллари бунга жавобан янада фаол бўлишлари, бор билим ва куч-ғайратларини “Адолат” СДП нуфузини оширишга сафарбар этишлари даркор. Биринчи навбатда Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга эътибор қаратиш лозим. Бу билан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшишлари мумкин.

Зеро, бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Бугун мамлакатимиз ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи давлат сиёсатини амалга оширишда минтақада локомативлик вазифасини бажармоқда. Бугун ёшлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этишлари учун барча жабҳаларда кенг кўламли шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” Республика Кенгашининг янги таркиби ва раиси сайланди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+