Ёш қизлар тарбияси – Президентимиз эътиборида

10.03.2021 20:03:00

Атроф-борлиқни уйғотиб, заминни яшнатувчи баҳорнинг илк кунларида Аёлларимиз байрами нишонланишида ўзига хос рамзий маъно бор.

Чунки, аёл –ҳаёт ижодкори, аёл –баҳор тимсоли! Аёлнинг оналик меҳри, теран ақли ва нозик таъби, унинг гўзалликка, келажакка, ҳаётга муҳаббати баҳордек бемисл, баҳордек бетакрордир!

Куни кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни ушбу айём билан табриклаб, уларга меҳр ва эҳтиромини изҳор этди. Хотин-қизларнинг барча соҳалардаги фаоллиги, айниқса, пандемия шароитида аҳоли саломатлигини асраш ва болаларни ўқитишдаги фидойилигини алоҳида таъкидлади.

Аёлларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли давлат ва жамиятнинг турли соҳаларида улар мардонавор меҳнат қилиб, юксак натижа ва ютуқларни қўлга киритишмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  тантанали маросимда сўзлаган нутқида айтилган фикрларнинг аҳамияти жуда катта. Давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизлар иштирокининг ошиб бораётгани бу – мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз ва миллатимизнинг равнақ топишига хизмат қилмоқда. Юртбошимиз буни хотин-қизлар байрамида яна бир карра эътироф этгани юртимиздаги барча аёллар каби мени ҳам жуда ғурурлантирди. Зотан, аёли шарафланган, аёли эъзозланган юртда қут-барака, файзу тароват ҳамда ривожланиш бўлади. Юртимиз мисолида буни ҳар биримиз кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмиз.

Нутқда давлатимиз раҳбари томонидан фидойи шифокорлар, меҳрибон ҳамширалар кўрсатган жасорат ва матонат туфайли минг-минглаб беморлар шифо топиб, ҳаёт қувончини яна ҳис этгани, аёлларнинг барча соҳалардаги фидокорона меҳнати ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бораётгани эътироф этилгани барчани мамнун этди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, ташаббускор ва ташкилотчи аёллар туман ва шаҳар ҳокими лавозимларига тайинланаётгани барчани мамнун этди. 

Байрам тадбирида Президентимиз қизлар тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, муносиб иш ўрнига эга бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топишига алоҳида аҳамият бериш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Мухтасар айтганда, аёлларга ва қизларга қаратилаётган жуда катта эътибордан халқимиз тараққиётининг ҳозирги босқичи, мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини ҳис қилиш мумкин.

Соҳибжамол Каттаева,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+