Ёшлар ҳуқуқлари Самарқанд форумнинг эътибор марказида бўлди

18.08.2020 10:08:39

 

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт ичида, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди.

Ўзбекистоннинг ёшлари мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида муҳим роль ўйнайди.

Куни кеча ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида  ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумида ҳам айнан ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи устивор бўлди.

Форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертларнинг иштирок этганлиги ёшлар масаласи дунё миқёсида қанчалик муҳим эканлигини ҳамда мазкур тадбирнинг халқаро даражада ижобий қабул қилинганини кўрсатди.

 Мазкур форумнинг аҳамияти шундаки, унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб соҳаларини тартибга солишга тааллуқли халқаро ва миллий тажриба ҳисобга олинган ҳамда ушбу форум ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, навқирон инсонларнинг салоҳиятларини, ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини дунё миқёсида кафолатлаш, шу билан биргаликда ёшларнинг халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга қаратилган.

Шу билан биргаликда, форумининг асосий иш фаолияти ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича дунёдаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш, ёшлар ҳуқуқлари бўйича институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган самимий табригидаги «ёшларни тинглашни ўрганишимиз керак», деган сўзлари халқаро ҳамжамият ҳамда юртимиздаги катта-кичик раҳбарлар учун ўзига хос чақириқ бўлди.

Қолаверса, Президентимиз табригида ёшларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий, глобал стратегия ҳамда дастурларни ишлаб чиқиб, амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун уларнинг ўзига имконият яратиб бериш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, ёшлар ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида, биринчидан, юртимизда ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши борасида эришилган натижалар кўриб чиқилади. Шу билан бирга, бу борадаги илғор ташаббусларга атрофлича баҳо берилади. 

Иккинчидан, ёшларнинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари таъминланиши, ҳимоя қилиниши ҳамда уларга риоя этилиши юзасидан ўзаро ҳамкорликда келгусида амалга ошириладиган муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинади. 

Аброр  АТАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+