"Ёшлaр пaрлaменти"— чексиз ислоҳот вa имконият кaлити

21.08.2020 12:08:47

Давлатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг келажак ҳаёт йўлидаги мақсадларини тўғри шакллантириш борасида чексиз ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида "Ёшлар парламенти"ни ташкил этилишининг белгиланиши бунинг яққол далилидир. Ушбу тузилмадан мамлакатимиздаги илм-у зиёли, ўз фикри ва дунёқарашига эга, ижтимоий-сиёсий фаол бўлган ёшларнинг соғлом рақобат остида жой эгаллаши ҳам кўплаб ёшларни ижтимоий фаолликка чорлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида "Ёшлар парламенти"нинг ташкил этилиши республиканинг қонунчилик соҳасига ёшларнинг "нафаси"ни олиб кириш, "қуш тилини қуш билади" қабилида ёшлар орасида кузатилаётган бугунги муаммоларга оптимал ечим қидириш, Ватанимиз равнақи йўлида ўз устида ишлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш каби қатор ислоҳотларга сабаб бўлмоқда.

Эндиликда биз— "Ёшлар парламенти"аъзоларининг олдида турган энг асосий вазифамиз— ўзбекистонлик ёшларнинг ҳуқуқларини кенг жамоатчилик олдида ҳимоя қилиш, уларга фаровон ҳаёт яратиш учун зарурий чора-тадбирлар устида ишлашдан иборат. Бугун ёшлар олдида турган бюрократик тўсиқлар, иқтисодий-ижтимоий, фан ва таълим, китобхонликка доир муоммолар, туризм ва инвестиция масалалари "Ёшлар парламенти" аъзолари томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари, махсус қабуллар орқали аниқланиб, тегишли ҳамкор ташкилотлар ёрдамида муаммоларни бартараф етиш барчамизнинг олий мақсадимиздир.

"Ёшлар парламенти"нинг яқинда ташкил етилганлигига қарамай, парламент аъзолари халқаро ва республика миқёсидаги давлат тадбирлари, анжуман ва конференсияларда иштирок етиб, ўзбек ёшларининг чексиз билим ва шижоатини дунё жамоатчилиги олдида яна бир бор исботламоқдамиз. Жумладан, Халқаро даражадаги 12-13 август кунлари "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари" деб номланган Самарқанд форуми бутун дунё сиёсатшунослари, олимлари ва ёшларига фикр алмашиш, ёшларга доир масалаларни кенг доирада муҳокама қилиш ва муаммоларни самарали ҳал қилиш учун максимал даражада шароит яратиб берди. Онлайн тарзда ўтказилган бу форум доирасида "Ёшлар конвенцияси"ни ишлаб чиқиш, унга қўшилиши зарур бўлган ҳуқуқий-меъёрий бандлар ва моддалар муҳокама қилинди, анжуман иштирокчилари томонидан билдирилган таклифлар тегишлича ўрганилиб, энг мақбул вариантдаги таклифлар конвенция учун таклиф этилди. Форум доирасида сўзга чиққан хорижлик мутахассислар томонидан давлатимизда ёшларга берилаётган эътибор, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил етилган "Ёшлар парламенти" алоҳида ҳурмат билан эътироф етилди. Aнжуман ташкилотчилари томонидан бу форум келгусида ҳам ташкиллаштирилиши кутилаётгани, пандемия сабабли бу форумда амалга оширилмаган тадбирлар кейинги форумда аъло даражада ташкиллаштирилиши айтиб ўтилди. Бу форумда иштирок этган ҳар бир ватандошимиз қалбида ватанпарварлик ва фахр туйғулари жўш урганлиги форум давомида уюштирилган савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар давомида яққол кўзга ташланди. Бу эса ўз навбатида форумга ўзгача файз ва қизиқиш ҳадя этди.

Янги ҳафтамиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ва фракция раҳбарларининг "Ёшлар парламенти" аъзолари билан учрашувдан бошланди. 17 август куни онлайн ўтказилган йиғилишда нутқ сўзлаган Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов " Ёшлар парламенти—шунчаки оддий тузилма эмас, балки ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашда хизмат қиладиган ҳақиқий майдондир",—деб алоҳида таъкидлаб, келгусида "Ёшлар парламенти" фаолияти учун барча шарт-шароит яратилиши ва ҳар доим ёрдамга тайёр эканликларини мамнуният билан билдирдилар.

Қолаверса, жорий йилнинг 19 август санасида Ўзбекистон "Aдолат" социал-демократик партияси раиси Н.Умаров бошчилигида мазкур партиянинг "Ёшлар парламенти" аъзолари билан онлайн учрашуви ўтказилди. Йиғилиш давомида партия раиси Н.Умаров ва партия ходимлари томонидан партиянинг устувор мақсад ва вазифалари ёш депутатларга яна бир бор тушунтирилди ва келгусида партиямизнинг олдида турган кенг кўламли ислоҳотларини амалга оширишда биз ёшларга улкан ишонч билдирилди. Йиғилиш қизғин баҳс-мунозаралар, талаб ва таклифларга бой, дўстона руҳда ташкиллаштирилиши ёшларнинг нафақат партия фаолиятидаги, балки бутун жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга куч бера олди.

Гўзалхон ОРТИҚАЛИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги "Ёшлар парламенти" аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+