Ёшлар тарбияси: ҳамма масъул, барча жавобгар

13.04.2021 16:04:03

“Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши томонидан Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва прокуратураси, профессор-ўқитувчилар  ва талаба-ёшлар иштирокида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида партиянинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойихаси доирасида “Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликни бартараф этиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиши ва тўкис билим олишлари учун турли хил салбий иллатларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаб,  ўз мақсадлари йўлида бардавом кетишлари зарурлигини таъкидлаб ўтишди.

– Мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама  баркамол бўлиб улғайиши учун зарур бўлган барча шароитлар яратилган, –дейди партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси, депутат Равшан Дастиров.  –  Аммо ёшлар ўртасида ҳамон жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани ачинарли. Албатта, бунда барчамиз бирдек жавобгармиз. Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, масъулиятни ошириш муҳим вазифадир. Яъни, бугунги учрашувга ўхшаган тадбирларни кўпайтиришимиз зарур. Тарбияси оғир ёшларни бундай учрашувларга кўпроқ жалб қилишимиз, керак бўлса,уларнинг  суд жараёнларида ҳам иштирок этишини таъминлашимиз лозим.

Тадбир якунида айрим адашган ёшларнинг жиноят кўчасига кириб кетиши қанчалик аянчли ҳолга олиб келгани ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+