Қандай партия мафкураси сизга мос келади? Ўнг (консерватив) ёки сўл (прогрессив)?

02.10.2019 18:10:43

Одатда сиёсий партиялар ўз мафкурасига кўра сиёсий майдонда турларга бўлинади: иқтисодий жиҳатдан сўл (чап) ва ўнг, ижтимоий жиҳатдан прогрессив ёки консерватив.

Аксарият ҳолларда, иқтисодий жиҳатдан сўл партия ижтимоий жиҳатдан прогрессив бўлади. Иқтисодий ўнг партия ижтимоий жиҳатдан ҳам консерватив бўлади. Кўпинча.

Консерватив партиялар иқтисодий жиҳатдан давлат аралашувини минималлаштириш, солиқларни камайтириш, шунга яраша давлат хизматларини қисқартиришга ҳаракат қилади. Яъни, аҳоли камроқ солиқ тўлайди, аммо тиббиёт, олий таълим пуллик бўлади. Пулини кейин, истаса, докторга ёки мактабга тўлайди.

Консерваторлар регуляцияни, компанияларга бўлган талабларни камайтиришга ҳаракат қилади. Мисол учун, улар мажбурий меҳнат таътили тушунчасини оқламайди. Консерватив мафкурага кўра, бундай масалаларни компаниялар ўзлари ҳал қилишлари керак.

Бундай партияларни бойлар яхши кўради, чунки уларга ижтимоий босим кам бўлади, кўпроқ пули ёнига қолади.

Ижтимоий жиҳатдан консерватив партиялар оила институтини ёқлайди, абортларга қарши бўлади, иммигрантларни ёқтирмайди, аёлларнинг жамиятда эркаклар билан тенг бўлишига ҳаракат қилмайди.

Консерватив партияларга АҚШдаги Республикачилар, Канададаги Консерваторлар партияларини мисол қилиш мумкин. Умуман олганда, АҚШ, давлат сифатида ўнг идеологияга яхши мисол.

Ўзбекистонда партиялар спектрда аниқ жойга эга бўлмагани учун, тахминимча, ЎзЛиДеП консерватив партия, чунки у тадбиркорлар ёнини олади.

Сўл партиялар эса юқоридагиларнинг акси. Улар солиқларни кўпроқ олиб, бунинг эвазига ижтимоий тенгликни таъминлашга ҳаракат қиладилар. Сўллар иқтисодиётни кўпроқ регуляция қилиб, ишчилар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладилар, жамиятда асосий хизматлар: медицина ва таълимни бепул қилиб, барча учун бирдек шароит яратишга ҳаракат қиладилар.

Ижтимоий жиҳатдан сўл партиялар инклюзивликни тарғиб қилади. Улар аёллар, иммигрантлар, этник ва жинсий камчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар.

Скандинавия давлатлари сўл мафкуранинг идеал маҳсуллари дейишимиз мумкин. СССР ҳам ўта-сўл идеологияни байроқ қилган эди, аммо улар бундай тизим яратиш уддасидан чиқа олишмади. Масалан, СССРда аёллар дунёда биринчилардан бўлиб сайлаш ҳуқуқига эга бўлганлар.

Сўл партияларга АҚШдаги Демократларни, Канададаги Либералларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбекистонда эса «Адолат» социал-демократик партияси сўл партияга мисол бўлиши мумкин.

Фарҳод Файзуллаев

Манба: https://t.me/zambarakning_oqi

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+