Адлия вазирлиги: қонун ҳужжатлари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади

27.03.2021 13:03:28

Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 15 мартдаги “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси,
Савдо-саноат палатаси ва бошқа давлат органларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини жорий этишдан мақсад, қонун ҳужжатларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, истеъмолчилар, умуман олганда иқтисодиёт ва жамиятга таъсирини олдиндан аниқлаш, салбий оқибатларни, хусусан ортиқча тартибга солиш, кўп вақт ва маблағ талаб қиладиган нормаларни, бюрократик тўсиқлар ва қоғозбозликка сабаб бўладиган ҳужжатлар ёки қоидаларни бекор қилиш ҳисобланади.

Бундай тартиб сифатсиз ва самарасиз қонун ҳужжатларининг қабул қилинишини олдини олишга хизмат қилади.

Семинарда таъкидланганидек, эндиликда қонун ҳужжатлари лойиҳалари мажбурий равишда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, тартибга солиш таъсирини баҳолаш халқаро амалиётда, хусусан АҚШ, Буюк Британия, Дания, Франция, Германия, Россия каби давлатларда кенг жорий қилинган институт ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими амалиётга босқичма-босқич жорий этилади. Жумладан, жорий йилда айрим турдаги тадбиркорлик фаолиятига таъсир этувчи қонунчилик ҳужжатлари баҳоланади,
2022 йилдан бошлаб барча турдаги тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқларига ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи қонунчилик ҳужжатларини баҳолаш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 20 мингдан ортиқ амалдаги қонунчилик ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган режа асосида босқичма-босқич тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилишига келишиб олинди.

Семинарда мутахассислар ва экспертларга тартибга солиш таъсирини баҳолаш услубиёти ҳамда ҳисобот шаклларини амалиётда қўллаш юзасидан зарур тушунтиришлар берилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+