Халқ дарди билан яшаётган депутат

22.06.2020 19:06:42

Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”.

Дарҳақиқат, шундай! Депутат халқ вакили экан у аҳоли манфаатларини ўйлаб таклиф, муаммо ва мурожаатларини тинглаб, шу асосда иш олиб боради. Халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Шунинг учун унинг зиммасида сайловчилар манфаатларини кўзлаб иш тутиш вазифаси туради.

Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Феруза Асадова айни вақтда шаҳар 1-сонли оилавий поликлиникаси мудираси. Ўз устида тинимсиз ишлаб, катта тажриба тўплаган фидойи шифокор айни пайтда ўзи меҳнат қилаётган масканда кўплаб ёш тиббиётчиларнинг севимли меҳрибон устози, одамийлиги билан ҳам юксак ҳурмат қозонган ҳам раҳбар ҳам халқ вакили сифатида тилга олинади.

Ҳозирда у раҳбарлик қилаётган бўлимда 17 нафар шифокор, 132 нафар ҳамшира, 17 нафар кичик тиббий ходим фаолият кўрсатиб келмоқда.

Депутатнинг шахсий ташаббуси билан жамоадаги кам таъминланган оилалар аҳволи ўрганилиб, уларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Куни кеча депутат ўзининг шахсий ҳисобидан ёш болали кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қўл остидаги 20 дан ортиқ тиббиёт ходимларига бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда фарзандлари учун ўйинчоқлар ва ўқув қуроллари тақдим этди.

Бугунги карантин шароитида, қийин аҳволда яшаётган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш халқимизга хос саховатпешаликнинг юксак намунасидир.

 

 Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+