Тиббий суғуртанинг конституциявий эътирофи – давр талаби

01.07.2022 18:07:01
Инсон саломатлигини сақлашда тиббий хизматларни ҳар томонлама мақбул, аҳоли учун сифатли ва молиявий жиҳатдан имконли қилиш муҳим саналади. Тиббий хизматларни тақдим этишда тиббий муассаса, шифокор ва беморнинг ўзаро муносабатларини юзага келтириш, беморларнинг тиббий муассасада даволанишлари учун зарурий шароитни яратиш турли усулларда ташкил этилади. Ана шундай усуллардан бугунги замонавий тиббиётда энг самарали деб баҳоланаётгани тиббий суғурта ҳисобланади. 

Соғлиқни сақлаш тизими харажатлари юки давлат ва фуқароларнинг шахсий маблағларига тушмаслигини таъминлаш, бунда тиббий суғуртадан фойдаланиш кўплаб давлатларда кенг амал қилинаётган ва ўзини оқлаб келаётган механизм саналади. АҚШ, Германия, Франция, Канада каби мамлакатларда тиббий суғуртага асосланган соғлиқни сақлаш тизими жорий қилинган. 

Тиббий суғуртада суғурталовчи нафақат суғурталанган шахснинг даволаниш билан боғлиқ харажатларини қоплайди, балки унинг тегишли тиббиёт муассасасида даволаниши ҳамда малакали шифокорлар томонидан муолажалар олиши учун тегишли ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш мажбуриятини ҳам олади. Тиббий суғурта келгусида юз бериши мумкин бўлган хавф-хатар оқибатини юмшатишга қаратилган ҳуқуқий механизм бўлиб, уни қўллаш орқали суғурталанган шахснинг малакали ва сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи таъминланади.

Суғурта, хусусан, ижтимоий суғурта ва унинг бир тури сифатида тиббий суғуртага оид қоидалар айрим давлатларнинг конституцияларида белгиланган. Масалан, Россия Федерацияси Конституциясининг 39-моддаси 3-қисмида “Ихтиёрий ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва хайриянинг қўшимча шаклларини яратиш қўллаб-қувватланиши” назарда тутилган. Айнан шундай норма Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 28-моддаси 2-қисмида ҳам мавжуд. 

Бундан фарқли равишда Украина Конституциясининг 49-моддасида “ҳар бир инсон соғлиғини сақлаш, тиббий ёрдам олиш ва тиббий суғурта қилдириш ҳуқуқи эга”лиги белгиланган. Тиббий суғуртага оид нормалар Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. 

Озарбайжон Конс­титуция­сининг 41-моддаси 2-қисмида белгиланишича, “давлат тиббий суғуртанинг турли шакллари учун имконият яратади”. Туркия Конституциясининг 56-моддасида тиббий хизмат муассасаларининг кенг тармоғини йўлга қўйиш учун умумий тиббий суғурта қонун билан белгиланади.

Кўриниб турибдики, бир қатор мамлакатларда тиббий суғурта аҳолининг соғлиғини сақлашда давлат маблағларини сарфлашга нисбатан муқобил усул сифатида кенг қўлланилади. Бунда тиббий суғурта соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан молиялаштиришга бўлган катта миқдордаги харажатларини камайтириш билан бирга, соғлиқни сақлашнинг сифатини оширишга ҳам хизмат қилади. Шу сабабли тиббий суғуртанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини Конституция даражасида ифодалаш ушбу соҳа ривожига туртки беради ва аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришга хизмат қилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 40-моддасига қуйидаги банд киритилди: “Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради”.

Суғурта борасида киритилган ушбу таклиф жуда ҳам ўринли ва барча замонлар учун долзарб аҳамият касб этади. Тиббий суғуртанинг шакллари деганда ихтиёрий, мажбурий ҳамда мажбурий давлат суғуртаси назарда тутилмоқда. Суғурта тизимида ҳар бир суғурта шаклининг ўз ўрни, ўз суғурталанувчи шахслар доираси мавжуд. Бу жамиятдаги барча қатламларни суғурта муносабатларига жалб қилиш имконини яратиб, аҳолига тўлиқ малакали тиббий хизматлар кўрсатишни кафолатлайди. 

 

Мансуржон Болтаев,

Тошкент давлат юридик университети доценти, 

юридик фанлари доктори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+