Тириклик манбаи олтиндан қиммат неъматга айланади

22.07.2022 18:07:10
“Сув ва ҳаводек зарур” ибораси ҳаёт учун биринчи навбатдаги эҳтиёжни англатади. Бугунги кунда жиддий экологик муаммолар кузатилмаган ва қурғоқчилик ҳеч қачон бўлмаган мамлакатларда ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда қийин­чиликлар юзага келмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада?

Сайёрамизнинг катта қисмини сув эгаллаганига қарамай, фақат 3 фоизи фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади ва улардан 2 фоизи экстремал иқлим шароитига эга, бориш қийин ҳудудларда жойлашган музликларда тўп­ланган. Демак, сувнинг умумий ҳажмидан атиги 1 фоизи инсон истеъмоли учун мос келади. 

Бундан ташқари, ичимлик суви ресурс­лари сайёра бўйлаб нотекис тақсимланган. Шунингдек, вазиятни аҳолининг сув манбаларини ҳисобга олмасдан жойлашиши ҳам оғирлаштиради. Натижада турли мамлакатларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув ресурслари ҳажми бир-биридан кескин фарқ қилади.

Ободлик, тозалик, бунёдкорлик, иқтисодиёт барқарорлиги, эл-юрт фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, инсоният ҳаётининг ҳар жабҳасида сувнинг алоҳида ўрни бор экан, сув манбаларини асраш, улардан оқилона фойдаланиш зарур. 

Азалдан ота-боболаримиз тирик­лик манбаи бўлган сувни эъзозлагани, унинг исроф бўлишига йўл қўймагани “Дарё бўйида яшасанг ҳам сувнинг бир томчисини исроф қилма”, деган ҳикматда ҳам аксини топганига асло шубҳа қилмаймиз. Аммо биз аждодларимизнинг ўгитига амал қилиш борасида мақтана олмаймиз. Бунга истаганча баҳонаю сабаб топилади. 

Одамни тушуниш қийин экан-да, шаҳардаги янги қурилган кўп қаватли уйларга бир кун совуқ сув келмай қолса, ҳамма бесаранжом бўлиб, елим идиш­ларни кўтарганча кўчага чиқади. Тегиш­ли ташкилотдан сув берилишини талаб қилади. 

Яна бир куни ўша кўп қаватли уйлар қаршисида тамоман бошқа манзарага гувоҳ бўласиз: кимдир резина ш­­лангни чиқариб олиб автомобилини ювади, яна кимдир атрофни салқинлатиш учун шунчаки эрмакка сув сепади. “Ҳой, барака топкур, бу ичимлик суви-ку” десангиз, “Пулини тўлаб қўйганман”, деб оғзингизга уради.

Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, унинг исроф бўлишига йўл қўймаслик маҳаллаларда ҳам ачинарли аҳволда. Мисол учун, ёши 50-60 дан ўтганига қарамасдан, “шортик” кийиб олган, соч-соқолига оқ оралаган эркаклар кечки пайтларда хонадони дарвозасидан резина шлангни кўчага чиқариб, сув сепиш бўйича бир-бири билан мусобақалашади десак, муболаға бўлмайди. Ҳа, сувни ҳисоблагич орқали эмас, ўғринча олганидан кейин кўнгли тусаганини қилишади-да. Шу ўринда савол туғилади: бизда сувнинг беҳуда, ноқонуний сарф этилиши олдини оладиган, буни назорат қиладиган биронта ташкилот борми? Маҳаллаларда кечки пайтларда тунги рейдлар ўтказилса, қанчадан-қанча сув ўғрилари аниқланади. Улар тегишли жазога тортилса, бошқаларга сабоқ бўлади. Сув сарфи ҳам камаяди.

Ахир жўмракдан оқадиган сув осонликча келмайди – махсус жойларда тўрт марта тозаланиб, икки марта хлорланади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун катта маблағ сарфланади. Лекин фойдаланилган сув­нинг пулини тўлашга келганда... 

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, биргина Тошкент вилоятининг ичимлик сувидан дебюторлик қарздорлиги 123 миллиард сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 6,5 миллиард сўмга ошганини, шундан аҳолининг дебюторлик қарздорлиги 87 миллиард сўм эканини қандай изоҳлаш мумкин?

Статистик маълумотларга қараганда, одам кундалик эҳтиёжи учун ўртача 100 литр сув ишлатади. Бу кўрсаткич шаҳарларда 140 литрни, қишлоқларда 80 литрни ташкил этади.

Бугунги кунда дунёнинг энг йирик шаҳарларида киши бошига кунлик сув сарфи 350-600 литрни ташкил этаётгани ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганидан далолат беради. 

БМТ маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг ярми ичимлик суви таъминоти юзасидан муаммога дуч келади. Шу билан бирга, экспертлар ҳозирги вақтда 36 та мамлакат сув ресурслари танқислигидан азият чекаётганини қайд этишган. 2050 йилда дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ялпи талаб 70 фоизга ошади. Саноат жараёнларининг катта қисми сув билан боғлиқ бўлгани сабабли сув ресурсларининг ҳаддан ташқари танқислиги юзага келади. 

Айни пайтда ер остидан қазиб олиш ҳисобига сув етишмаслигини қоплашга ҳаракат қилинмоқда. Охирги 50 йил ичида дунёда ер ости сувларини қазиб олиш камида 3 баравар ошди, бироқ мавжуд сув ҳажми йилдан-йилга камайиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Шу ўринда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш кўп маблағ, катта меҳнат, мураккаб технологик жараённи талаб этишини ҳам ёдда тутиш керак. 

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ёши катта одамларда тананинг 60-70, болаларда 80-90 фоизи сувдан иборат бўлиб, инсон ҳужайраларидаги барча жараёнлар сув орқали амалга ошади. Шу боис организм қанча сув талаб қилаётган бўлса, шунча сув ичиш зарур. Тоза ичимлик сувини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун муҳим ҳисоб­ланади. Сифати паст сув турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Онлайн хизматни банд қилиш билан шуғулланадиган “Holidu” агентлиги яқинда ичиш учун тозаланган сув бозори бўйича тадқиқот ўтказди ва қадоқланган сув қаерда қиммат нархда сотилишини аниқлади. Эталон сифатида 500 мл ҳажмдаги сувли идиш олинди. Онлайн сўров натижасига кўра, Норвегиянинг Осло шаҳри қадоқланган ичимлик суви қимматлиги бўйича жаҳон рейтингида етакчилик қилди. Бу шаҳарда, бошқа жойлар билан солиштирганда, ичимлик суви учун кўпроқ пул тўлашга тўғри келар экан. Ичимлик суви энг қиммат бўлган шаҳарлар рўйхатидан кейин­ги ўринларни Финляндия ва Швеция пойтахти, шунингдек, Нью-Йорк ва Тель-Авив шаҳри эгаллади. 

Ярим литрли идишлардаги сув нарх­­ларини таҳлил қилиш ва таққослаш бўйи­­ча тадқиқот сайёрамизнинг турли минтақаларидаги бир юз эллик шаҳарда ўтказилди. Уларнинг барчаси энг оммабоп сайёҳлик маршрутлари қаторига киради. Осло шаҳрида ярим литрли идишдаги ичимлик суви 1,5-1,6 евро туради. Тель-Авив шаҳри ҳам ушбу рейтингда юқори ўринни эгаллайди, бу ерда ярим литрли идишдаги сув 1,08 евродан сотилади. АҚШдаги энг йирик мегаполис ҳисобланган Нью-Йоркда ярим литрли идишдаги ичимлик суви нархи ўртача 0,86 еврони ташкил этади. Бироқ Американинг бошқа шаҳарларида унинг нархи 1,35 еврога етиши мумкин.

Қувурлар орқали аҳолига етказиб бериладиган сув нархи қимматлиги бўйича 20 та шаҳарда ўтказилган тадқиқотда ҳам Осло шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Норвегия пойтахтидан кейин рўйхатда Лос-Анжелес, Сан-Франциско, Феникс ва Сан-Диего каби шаҳарлар туради. 

Сув сифати масаласига келсак, Авс­трия, Финляндия, Греция пойтахтлари, шунингдек, Австриянинг Инсбрук курорт шаҳри рейтингда энг юқори поғонада. АҚШ шаҳарлари орасида, БМТ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Бостон шаҳри водопровод суви сифати бўйича биринчи ўринда туради. Иккинчи ва учинчи ўринларни Сиэтл ва Портленд эгаллади.

Дунёда нима учун қадоқланган сув кўпроқ истеъмол қилина бошлади? БМТдан олинган сўнгги маълумотларга кўра, сайёрамизда бошланган глобал иқлим ўзгариши ҳар бир инсон учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган сув сифати ва миқдорига сезиларли таъсир кўрсатди. Бугунги кунда 2,2 миллиард одам обиҳаёт етишмаслигини ҳис қилмоқда. Уларнинг барчаси ичишга яроқли бўлган тоза ичимлик сувига эга эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг таъкидлашича, Ер шарининг кўплаб минтақаларида ичимлик суви сифати пастлиги туфайли уни тозалаб идишга солинган ҳолатда истеъмол қилиш кескин ортиб бормоқда. Қадоқланган сувнинг жаҳон бозоридаги айланмаси беш йил ичида 307,5 миллиард долларга етиши мумкин. Бу, айниқса, учинчи дунё деб аталадиган мамлакатларга тааллуқли. Сўнгги рейтингларга кўра, Нигерия, Покистон ва Сенегалда ичимлик суви сифатининг ёмонлашиши кузатилган.

Сув масаласида қатор муаммоларни келтириб чиқарадиган табиат ҳодисаси, бу – қурғоқчилик. БМТ маълумотига кўра, 1998 йилдан 2017 йилгача қурғоқчилик камида 124 миллиард доллар зарар келтирган ва ундан 1,5 миллиарддан ортиқ одам азият чеккан. Айни пайтда глобал исиш сабабли Европа жануби ва ғарбий Африкада қурғоқчилик кучайган. Маълумки, қурғоқчилик узоқ вақт давом этади, кенг географик кўламга эга ва сезиларли даражада зарар келтиради. Бу омиллар қурғоқчиликка дуч келган мамлакатларга озиқ-овқат етишмовчилиги ва уларнинг нархи ошиши орқали ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Айни пайтда Италия сўнгги 70 йилдаги энг кучли қурғоқчиликни бошдан ўтказяпти. Қандай қилиб бўлмасин, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш чоралари қидирилмоқда. Шаҳарлардаги дарёлар қурияпти, ҳудудлар сувни тежашга уринмоқда. 

Масалан, Миланда фавворалар ўчириб қўйил­­ди. Бир неч­та муниципалитетлар сув ўлчов билан берилишини эълон қилди. Кастенасо шаҳри ҳокими мижозларининг сочини икки марта ювган сартарошлардан 500 евродан жарима ундиришни буюрди. Карло Губеллини (ҳоким) сувнинг беҳуда сарфланишига қарши шу тарзда курашмоқчи. «Минглаб литр сув бекорга оқиб кетяпти», деди у.

Айрим экспертларнинг прог­нози ўта тушкун: келажакда қурғоқчилик Италия ҳудудининг 28 фоизини чўлга айлантириши мумкин. Қолаверса, қурғоқчилик мамлакат иқтисодиётида муҳим ўринга эга қиш­лоқ хўжалиги, биринчи нав­батда, виночилик соҳасига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.

Юқорида келтириб ўтилган маълумотлардан кўриниб турибдики, дунё мамлакатларида ичимлик сувлари захираларини эҳтиёт қилиш, улардан оқилона фойдаланиш долзарб масала ҳисобланади. Зеро, бугунги кунда дунё аҳолисининг обиҳаётдан бирдек баҳра олишига эришиш энг устувор вазифалар сирасига киради.

Ривоят қилишларича, бир бадавлат кишидан сўрашибди:

– Саҳрода кетаётганда егулик тугаб, оч қолсангиз, шунда сизга кимдир дуч келиб, нон берса, унга нима берган бўлардингиз?

– Бойлигимнинг ярмини. 

– Саҳрода ичишга сувингиз қолмаган бўлса, учраган одам сизга ташналикни қондириш учун сув берса, бунинг эвазига нима ҳадя қилардингиз?

– Бойлигимнинг барини берардим.

Мана, шу ривоятдан ҳам сув бебаҳо неъмат эканини англаш қийин эмас. Табиатда муқобили йўқ неъмат ҳисоб­ланган сув ўрнини унинг ўзидан бош­­қа ҳеч нарса боса олмайди.

Шундай экан, келажакда нархи олтиндан қиммат бўлиши кутилаётган обиҳаёт – сувнинг ҳар бир томчисини тежаб-тергаб ишлатиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши лозим.

Суюндик МАМИРОВ,

«Adolat» мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+