Коррупциясиз келажак сари қўйилган қадамлар

14.04.2022 10:04:05

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир соҳа вакилига янгича фикрлашга, янгича ёндашувлар билан ишлашга ундамоқда. Албатта ҳар бир соҳада фаолият олиб бораётган раҳбар кадрлар аввало шу юрт, шу халқ манфаатларини кўзлаши, юрт равнақига ҳисса қўшиши ва фидокорона меҳнатлари билан ўзини кўрсатиши лозим. Шундай экан Сизу-бизни бу ислоҳотларда фаол ва фидойи, бўлишимиз туб замирида халқни  ишончини оқлаш, инсон қадрини улуғлаш, фаровон ҳаётга ҳисса қўшишимиз талаб этилади. Лекин афсуски жамият, тараққиёт кушандаси бўлган коррупция иллати бор. Бу иллат билан курашишда барчамиз бирлашишимиз, бирдек ҳаракат қилишимиз лозим.

Коррупция ўзи нима?

Табиийки, айрим кишиларда коррупция нима деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор. Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар-бир инсон чуқур англаши лозим. Тўғрисини айтишимиз керак Мустақилликка эришгунумизча ва мустақилликни дастлабки йилларида мамлакатимизда коррупция жуда чуқур илдиз отишга улгурган эди. Албатта бу жараёнларни ҳар-хил вазият билан баҳолаш мумкин. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб бораётган очиқ, демократик, адолатли сиёсати кўпчиликни бу каби иллатлар билан курашишга ундамоқда.

Бу борада қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида ҳар бир вазирлик ва идорада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳада “Коррупциядан ҳоли соҳа” шиори остида ўз-ўзини назорат қилиш, керак бўлса қаттиқ чоралар кўрилиши бўйича тартиб жорий қилинди.

Жумладан: Мамлакатимизда 2020 йилда  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бу агентликни фаолиятига кенг жамоатчилик жалб қилиниб ҳар бир соҳа вакилларидан иборат  ишчи гуруҳ тузилди, жамоатчилик назорати ўрнатилди. Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат ташкилотлари умуман вазирлик ва идоралар томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар электронлаштирилди. Ҳужжатлар айланиши соддалаштирилди. Қолаверса  Адлия вазирлиги томонидан идоравий коррупцияга қарши курашиш, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, умуман олганда коррупцияга қарши уруш эълон қилинган. Давлат хизматлари агентлигида хизматлар кўрсатишнинг электрон ҳужжатлар айланмаси ҳажмининг ортиши, адлия органлари ва муассасалари фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар беришга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурининг қабул қилиниши, “Ишонч телефон”ларининг (1008) ишга туширилиши, нотариат соҳасида видеокузатув, бармоқ сканерлаш тизими, смс-хабарнома каби инновацион ёндашувлар Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали ташкил этилганлиги, адлия органлари ва муассасаларида иш жараёнини фуқароларга аудио ва видеоёзувларга олиш имкониятининг яратилганлиги шулар жумласидандир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки ҳар бир давлатда кадрлар етишмовчилиги уларни бугунги кун талаби даражасида эришиш учун муаммолари етарлича. Бу борада ҳам мамлакатимизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, масалан кадрларни саралашда жамиятга нафи тегадиган ташкилот нуфузини оширадаган, ватанпарвар, фидойи, салоҳиятли кадрлар билан таъминлашда янги тизим яратилди. Бу тизим албатта давлат идораларида муносиб кадрларни ишга жойланиш ёки тизимда фаолият олиб бораётган муболаға қилиб айтганда адашиб келиб қолган ходимларни муносиб кадрлар билан алмаштиришга, қариндош уруғчиликка барҳам беришга асос бўлган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги яратилди. Агентликни ҳудудий филиалларини фаолиятини йўлга қўйилиши ҳудудларда  меҳнат фаолиятини энди бошлаган ёки лавозим ўсишида ўзгаришлар бўлиши кутилаётган ходимларини танлов асосида тезкорлик ва шаффоф тарзда танлаб олинишига асос бўлди. Энг қувонарли томони ҳужжатлар инсон омилисиз электрон шаклда топширилиши. Хўш бу нима ишга кирувчи ва иш берувчига беради?  Номзодга бир вақтни ўзида учта иш ўрнига ҳужжат топширишга, иш берувчига бир бўш иш ўринига бир нечта номзод орасидан муносиб салоҳиятли кадрни танлаб олишига имкон яратди. Бу дегани иш бошлаган ходим коррупция омиллари аралашувисиз, турли ташкилотлар эшиги олдида бошлиқни кутиб ўтирмайди ва ўз меҳнат фаолиятини очиқ танлов ғолиблиги асосида ўзи истаган жойда бошлайди ёки давом эттиради. Албатта бу ҳам мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасидаги муҳим ва катта қадамдир.

Бизга маълум бўлган Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳам албатта ўз самарасини бермоқда аҳолини судларга ишончи ортмоқда. Бу тизимда ҳам алоҳида таъкидлаш лозим бўлган қисми тизимда кўплаб жараёнлар электронлашганидир. Судлар тизимида мурожаатлар, ариза ва шикоятлар бериш тизими электронлаштирилгани бу йўналишдаги коррупциядан ҳоли соҳага айланишига асос бўлди. Бу эса албатта мамлакатимизда қонун устуворлиги принципини мавжуд эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва жамоат хавфсизлигини таъминловчи ташкилотларда ҳам албатта кенг кўламли ишлар амалга оширилди ҳамда амалда жараён давом этмоқда.

Коррупция масаласига тўхталганда ёки шундай вазиятни гувоҳи бўлганда албатта кўп холларда кўпчилигимиз бу менга алоқаси йўқ, бу менинг ташкилотим ёки танишим эмас деган фикр хаёлимиздан ўтади. Аслидан бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки бефарқ бўлмаган ва жамоатчилик назоратини мустаҳкам ўрнатган қайси бир давлатни бўлса ҳам эсланг ёки тасаввур қилинг уларни ҳозирги вақтда ривожланганини ёки ривожланаётганини кўришингиз мумкин. Буни инкор эта олмайсиз. Бунга яққол мисол Сингапур давлати. Тўғри ҳозирги кунда жуда ривожланган, аммо айнан шу ривожланган давлат шу давргача жуда ҳам кўплаб бизнинг юртимизда текинга ёки муболаға қилиб айтганда беминнат маҳсулотларни импорт қилиб олишган. Ўз иқтисодини қатъият билан тиклаган. Коррупцияга қарши кескин чоралар қўллаб курашган. Хўш биз нега бу масалада эътиборсизлик ёки сусткашлик қиляпмиз. Улар эришган ютуқларга биз ҳам эришишда жуда катта имкониятларга ва кучли иродага эга халқмиз. Шундай экан ҳеч қандай муболағасиз барчамиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ривожланишларга бефарқ бўлмасда Ўзбекистон заминидаги ер ости ва ер усти бойликларига ўзимизники деб қараб, барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бефарқ бўлмасдан давлатимиз раҳбари бошлаб берган учинчи ренессансни мустаҳкам пойдеворини барпо этишда фаол иштирок этишимиз лозим.

“Пора олган оғирми ё пора берган” қисқа ҳулоса шуки барчасига қонуний жавобгарлик бор.

Сўзимиз якунида қулоғимизга чалиниб турадиган иқтибослардан келтириб ўтаман. 

“Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам куймасин”, “Йўлини топибдими, омадини берсин”, “Бизда ҳам қолиб кетмайди”, “Таниш-билиш”, “Қаловини топиб қор ёғдириш”, “Хамир учидан патир”, “Ака-укачилик”, “Муомаласини қилиш”, “Хизмат бўлса шаймиз, ака”, “Сиздан угина, биздан бугина” 

Сизни билмадиму, менга бу каби иборалардан коррупция ҳиди келаётганга ўхшайверади.

Жамол КОМИЛОВ,

“Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши раиси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+